11 сентябрь – “Мардлик“ ордени таъсис этилган кун

Таъкидлаш жоизки, миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, Ватан ҳимояси йўлида жонбозлик кўрсатган ҳарбийларни рағбатлантириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Ўз навбатида, ҳарбий хизматчиларни маънавий рағбатлантириш, ҳурмат кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳарбий бурчни бажаришдаги жасорати ва мардлиги, Ватанимиз мустақиллигини, сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилиш, миллий хавфсизлигимизни таъминлашга катта ҳисса қўшган фуқароларимиз Президентимиз томонидан орден ва медаллар, фахрий унвонлар билан тақдирланиб келинмоқда.

2012 йилда таъсис этилган “Мардлик”ордени шу мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди.

“Mардлик” ордени билан ўзини Ватанни ҳимоя қилишга ва она юрт хизматига бағишлаган, бунда мардлик ҳамда жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролари мукофотланади. Алоҳида ҳолларда эса “Мардлик” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши кўзда тутилган.

“Мардлик” ордени 1 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади. Орденнинг баландлиги 50 миллиметр, эни 41 миллиметр, қалинлиги 4,5 миллиметр. Орден нишони йиғма, унинг асоси тилла ранг нақшинкор парчинлари бўлган кўк эмаль ҳошияли шаклдор геральдик қалқон кўринишида бўлиб, унга Ўзбекистон Республикасининг бирлиги рамзи бўлган қавариқ саккиз қиррали юлдуз бириктирилади. Юлдуз қирралари тарам-тарам бўлиб таралаётган заррин овалсимон нурлар кўринишида бажарилган.

Саккиз қиррали юлдузга нақшинкор парчинлари бўлган, қавариқ, қадимий услубда акс эттирилган думалоқ шарқона қалқон кўринишидаги диаметри 30 миллиметрли қоплама медальон бириктирилади. Қалқоннинг ҳар иккала ён томони ғалаба, шон-шуҳрат ва мукофот рамзи бўлган қавариқ, тилла рангли дафна япроқларидан гулчамбар кўринишида ҳошияланган. Гулчамбардан пастда тилла ранг гардишли, оқ эмалли лента кўринишида акс эттирилган фонга “MARDLIK” ордени номи жойлаштирилган. Ёзув бўртма бош ҳарфлар билан тўқ қизил эмалда бажарилган.

Шарқона қалқондан юқорида мовий рангда эмалланган олтин ҳалланган ярим ой ва юлдузли мусамман – Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг муқаддас рамзлари тасвирланган. Мусамман ёнларида саккиз қиррали юлдуз фонида миллий ор-номус ва қадр-қиммат, она юртни ҳимоя қилишга шайлик рамзи бўлган, ўзаро кўндаланг кесишган иккита қадимий шарқона қилич эфеси (даста беламаги), қуйи томонда эса, уларнинг узун қайрилма тиғларининг учлари қавариқли тасвирланган.

Орден нишони композициясини дала формали кийимдаги аскарнинг – Ватан ҳимоячисининг ҳаёт сарчашмаси ифодаси бўлган асосий рамзий белги – чор атрофга таралаётган заррин қуёш нурлари акс этган оқ рангли эмаль фонидаги қалқон марказида жойлашган бўртма, кўкракдан юқори қисмининг ярим ён томонлама олинган тасвири якунлайди.

Орденнинг орқа томонида диаметри 22 миллиметрли Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қавариқли тасвирланган. Пастки қисмида орденнинг рақами 2 миллиметр ўлчамдаги зарб қилинган шрифт билан ёзилган.

Янги тараққиёт ўзанида дадил қадамлар билан бораётган халқимиз руҳини кўтаришда, замонамиз қаҳрамонларини тақдирлаш, ёш авлод онгида янада куч-ғайрат, шижоат, аждодларимизга муносиб ворис бўлиш ҳиссини уйғотишда “Мардлик” орденининг таъсис этилишини юртдошларимизга кўрсатилаётган катта эътибор намунаси, дейиш мумкин.

Шу маънода “Мардлик” ордени ёшларимиз қалбида мардлик, ҳалоллик, фидойилик фазилатларини шакллантиришга асос бўлиб, миллий давлатчилигимизни янада мустаҳкамлашга, бугунги ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳисси ортишига хизмат қилади.

Улуғбек АСРОРОВ, ЎзА

2015-2019 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM