“Cotton Campaign” куни-кеча Ўзбекистонни “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани — Шавкат Мирзиёев

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Президентимиз йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун очилаётган янги имкониятларни қайд этди.“Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, “Cotton Campaign” куни-кеча Ўзбекистонни “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани.Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом-ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 млрд долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади”, деди давлатимиз раҳбари.Шу боис, хом-ашёни олиб келиб, тайёр маҳсулот чиқарган ва уни четга сотадиган (божхона ҳудудида қайта ишловчи) корхоналарга апрелдан бошлаб:

- экспортчилар учун берилаётган барча имтиёзлар татбиқ этилади;

- лойиҳалари доирасида техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди;

- рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, 1 йил давомида ишлаб келаётганларига рухсатнома ҳар бир контрактига эмас, балки корхона фаолиятига берилади;

- олиб келган дастгоҳлари учун божхона божлари ундирилмайди.

Бу ишлар мавжуд 22 та эркин иқтисодий зона ҳудудларида ташкил этилади. Мисол учун, Ургут эркин иқтисодий зонасида 440 гектар, Ангренда 430 гектар, Навоийда 240 гектар, Қўқонда 190 гектар, Чустда 120 гектар бўш майдонлар мавжуд.
Вилоят ҳокимларига ушбу тайёр инфратузилмадан самарали фойдаланиб, янги лойиҳаларни саноат зоналарига жойлаштириш топширилди. Жумладан:
- Ургутда озиқ-овқат ва электротехника маҳсулотлари;
- Чустда тайёр кийим;
- Навоий ва Қўқонда маиший электротехника;
- Бўстонлиқда фармацевтика, Ангрен ва Чирчиқда маиший ва саноат кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш зарур.Инвестициялар ва ташқи савдо вазирига икки ҳафта муддатда янги экспорт бозорларига чиқаётган корхоналарга ажратилаётган субсидияларни кўпайтириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Шу билан бирга, янги бозорларга кириш учун маҳаллий саноатга халқаро стандартларни кенг жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.
Мисол учун, 2019-2021 йилларда 2 мингта экспортчи халқаро сертификатлар олгани ҳисобига уларнинг экспорти 1,5 баробарга (590 миллион доллардан 920 миллион долларга) ошди.
Шу боис, “Ўзстандарт” агентлигига 2022 йилда:
- тўқимачилик саноатида 150 та;
- электротехникада 50 та;
- озиқ-овқат саноатида 200 та корхонада халқаро сертификатларни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун 1 майга қадар ҳар бир вилоятдаги Лойиҳа офислари ҳузурида камида иккитадан Халқаро стандартларни ўргатиш марказларини ташкил этиш топширилди.Бунда, ҳудудларнинг ихтисослашувига қараб, уларга хорижий мутахассисларни олиб келиш ва маҳаллий корхоналарга халқаро стандартларни ўргатиш бошланади.Шунингдек, 1 июнга қадар тўқимачилик саноатида 2 та, электротехникада 1 та, озиқ-овқат саноатида 3 та лаборатория ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM