Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

 Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат олиб бораётган ҳарбий-касбий саралаш органи ходимлари фаолиятини сифатли ташкиллаштириш ва доимий равишда малакасини ошириб бориш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетида 10 кунлик ўқув-услубий йиғин бошлангани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Ўтган вақт давомида тажрибали психолог профессор-ўқитувчилар иштирокида ҳарбий округлар, ҳарбий-касбий саралаш органи ходимларининг касбий малакасини ошириш, ҳарбий округларда номзодлар билан ўтказиладиган саралаш тадбирларини самарали ташкиллаштириш, психологик тест методикалари ҳамда хорижий давлатларда номзодларни ҳарбий хизматга саралаш тизимини ўрганиш ҳамда уларнинг ижобий тажрибаларини амалда жорий этиш бўйича машғулотлар бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, бугун, 28 февраль куни ушбу ўқув-услубий йиғиннинг якунига бағишланган учрашув ўтказилган. Унда мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Иномжон Мажидов ҳамда соҳа вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тингловчилар иштирок этди.

Сўз олганлар дунёда бўлаётган ҳарбий-сиёсий жараёнлар ҳар бир касб эгасига янгича методик услублар билан ишлаш талабини қўяётгани, ноанъанавий психологик дарслар, мафкуравий билимларни янада чуқурроқ ўзлаштириш давр талаби бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ҳамкорлик йиғилишининг асосий ютуқларидан бири икки томонлама меморандум ва ҳаракат дастури имзоланиши бўлди. Унга мувофиқ, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида қатор келишувларга эришилди. Шунингдек, томонлар илмий-тадқиқот лойиҳаларини ҳамкорликда бажариш, таълим соҳасида педагогик-психологик муаммолар, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари, илмий ишлар муҳокамаси каби муҳим масалаларни биргаликда олиб боришади.

Тадбир якунида ҳарбий-касбий саралаш органи ходимларига ўқув-услубий йиғинда малака оширганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM