Президент «Ёшлар дафтари»га киритилган қизга 3 хонали уй совға қилди

Юртимиз аҳолисининг қарийб 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Табиийки, ушбу қатламнинг орзу-умидлари, муаммоларига ечим топиш, қайси соҳада бўлмасин фаолиятига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади.Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ёшларга эътибор, уларнинг келажагига ғамхўрлик, дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётир. Сабаби ушбу йўналишда қилинаётган ишлар ўзининг ҳаётийлиги билан, самараси билан ўз сўзини айтмоқда. Ислоҳотлар режа-жадвалига эртамиз эгаларига доир муҳим масалалар ҳам киритилдики, бу уларнинг ҳаётига ўзгача мазмун олиб кираётир.Пойтахтлик Азиза Самиғова ҳам айни кунларда бахтли онларни қарши олаётган ёшлар қаторидан жой олди. Боиси илгари муҳтож бўлиб, умидсизликка тушиб қолган, бошпанасиз бўлса-да, қийналса-да, “ёшлар дафтари” орқали ўз бизнесини бошлаган, мақсадлари эзгу, шижоатли ушбу юртдошимиз энди замонавий уйда яшайди.Унга давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Сергели туманида барпо этилган замонавий кўп қаватли турар-жойлардан 3 хонали уй совға қилди.Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари-Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбарининг Азиза Самиғовага йўллаган мактубини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, унга янги хонадон калити тантанали равишда топширилди.Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги сабабли замонавий, шинам уй-жой эгасига айланган Азизанинг хонадонида бир оила учун нимаики керак бўлса, барчаси муҳайё. Хоналар замон талаблари асосида жиҳозланган.-Бу уй мен учун ҳам, онажоним учун ҳам кутилмаган совға бўлди, -дейди Азиза Самиғова.- Очиғи, шу кунга қадар бошимиздан жуда кўп қийинчиликлар ўтди. Бувимнинг уйида яшардик, ётадиган жойимиз ҳам, ишлайдиган жойимиз ҳам битта эди. Ўз уйимиз ва тикувчилик фаолиятимиз учун алоҳида цехимиз бўлишини жудаям орзу қилардик. Бугун орзуимиз ушалди. Президентимиз бизга ҳамма шароити бор уй совға қилди. Бунинг учун ниҳоятда миннатдорман. Энди мақсадларимиз сари дадил қадам ташласак ҳам бўлаверади. Чунки кўнглимиз тўқ, энг катта муаммоимиз ҳал этилди, уйли бўлдик. Айтишади-ку, уйи борнинг ўйи йўқ, деб.

Бугунги кунда янги хонадон эгалари 66 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, фаолиятини йўлга қўйган цехда кушхоналарда ишлайдиганлар учун махсус кийим-кечаклар, тиббиёт халатлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Азиза келгусида цех фаолиятини янада кенгайтириб, шу орқали “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, ўзига ўхшаган қизларга тикиш сир-асрорларини ўргатишни мақсад қилган.Таъкидлаш жоизки, юртимизда ёш авлод вакилларини узоқ йиллар қийнаб келган муаммоларни, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, интилиш ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашув ва иш услублари татбиқ этилмоқда. Президентимиз ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида ғоят муҳим вазифаларни белгилаб бергани ҳам бежиз эмас.Ана шулардан бири бугун ҳар бир маҳаллада юритилаётган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ҳисобланиб, бу механизм ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтожларни, интилувчан фуқаролар ва ёшларни аниқлаш имконини бермоқда. Жумладан, Азиза ҳам, Адолат ая ҳам тегишлилиги бўйича махсус дафтарларга киритилган. Шу боис, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келинмоқда.-Бугунги кунда Сергели туманида 1 минг 350 дан зиёд йигит-қизлар “ёшлар дафтари”га киритилган,-дейди Ёшлар ишлари агентлиги Сергели тумани бўлими бошлиғи Ҳусниддин Маликов.-Шулар қаторида Азиза ҳам ишсиз сифатида бундай дафтарга киритилган. У билан бўлган суҳбат чоғида тадбиркорлик қилиш истаги борлигини айтганди. Шундан сўнг касб-ҳунарга ўқитилди, сертификатга эга бўлди. Сўнгра тижорат банкидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. Айни пайтда туманимизда Азиза сингари 200 нафардан зиёд ёшлар касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, улардан 92 нафарига кредит маблағлари ажратилган. Бу эса уларнинг ҳаётида янги саҳифа очмоқда.Ёшлар бандлиги масаласи бугун ҳам кун тартибида турибди. Мана шундай пайтда Азиза каби ёшлар юзага чиқиб, иқтидорини намоён этиб, нафақат ўзи, балки ўзи сингари ёшларни ҳам иш билан таъминламоқда. Давлатимиз раҳбари ана шундай ғайрат-шижоатли, Ватан равнақига ҳисса қўшаман, деган фуқаролар, хусусан, ёшларни доимо қўллаб-қувватлаб, уларга зарур шароитларни яратиб бермоқда.Янги хонадон калитининг топширилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А. Абдувоҳитов иштирок этди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM