Ўзбекистонлик спорт гимнастикачилари Жаҳон кубогида 1 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди

Спорт гимнастикачиларимиз Болгариянинг Варна шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогида битта олтин ва иккита бронза медалига сазовор бўлишди.Болгариянинг Варна шаҳрида дунёнинг 26 та давлати вакиллари иштирокида ўтказилган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичи якунланди. Қувонарлиси, ушбу мусобақа терма жамоамиз аъзолари учун кутилганиданда муваффақиятли чиқди.Қўлга киритилган битта олтин ва иккита бронза медали ўзбек спорт гимнастикаси келажаги ишончли қўлларда эканлигидан дарак беради. Агар бу ўзбекистонлик гимнастикачилар учун сўнгги бир ярим йил ичидаги дастлабки турнир эканлигини инобатга олсак, натижалар янада ўсишига умид қилиш мумкин. Чунки шундай мусобақалардагина спортчининг ҳақиқий кучи, имконияти намоён бўлади, фақат чинакам беллашувларда спортчи тобланади.Таъкидлаш керак, бугунги кунда ўзбек гимнастика мактабининг анъаналарини тиклаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Натижалар эса узоқ куттириб қўймайди. Болгариядаги мусобақа бунинг исботидир.Варнадаги Жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон шарафини Токио-2020 лицензиатлари Оксана Чусовитина ҳамда Расулжон Абдураҳимов, шунингдек ёш, умидли спортчиларимиз Абдулла Азимов, Ҳабибулло Эргашев, Абдулазиз Мирвалиев, Оминахон Халилова, Дилдора Арипова, Анастасия Мирошниченколар ҳимоя қилишди.Мазкур Жаҳон кубоги босқичи шахсий биринчилик бўлиб, унда спортчилар кўпкурашнинг айрим турларида ўзларини намоён қилиши мумкин эди. Бундан эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари унумли фойдаланиб қолишди. Саккиз нафар гимнастикачимиздан 7таси ўз дастурларида финалга йўл олишди.Варнадаги Жаҳон кубоги босқичида вакилларимиз орасида энг юқори натижани терма жамоа дебютанти Дилдора Орипова қўлга киритди. У эркин дастурда 13,150 балл жамғарди ва олтин медални қўлга киритди. Венгриялик спортчи ҳам худди шундай натижани қайд этди, натижада ҳар икки спортчи шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.Ҳамюртларимиз орасида мусобақадаги дастлабки медални Оксана Чусовитина қўлга киритди. У ўзининг севимли машқи таяниб сакрашда 13,700 балл билан 3-ўринни эгаллади. Мазкур йўналишда қатнашган яна бир вакиламиз Анастасия Мирошниченко эса 4-поғонадан жой олди.Абдулла Азимов ҳам терма жамоамизга яна бир бронза медалини тақдим этди. Унинг чиқиши ҳакамлар томонидан 14.150 баллга лойиқ кўрилди. Ушбу йўналишда украиналик Иля Ковтун олтин, италиялик Эдуардо Де Роса эса кумуш медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз Ҳабибулло Эргашев эса 8-ўринни эгаллади, ёш спортчи учун ёмон натижа эмас.Токио-2020 лицензиати Расулжон Абдураҳимов параллель брусда юқори техник машқларни намойиш этди. Эслатиб ўтамиз, финал босқичида Расулжон ўз дастурини яна 0,4 баллга мураккаблаштирди. Етакчи мутахассислар таъкидлаганидек, ўзбекистонлик спортчи машқни тоза бажарган. Бироқ, ерга тушиш пайтида Абдураҳимов кичик хатога йўл қўйди ва бу унга қимматга тушди. Натижада Абдураҳимов 13,750 балл билан              7-поғонадан жой олди.Яна бир ҳамюртимиз Абдулазиз Мирвалиев эса 6-ўрин билан чекланди.Таъкидлаш жоиз, спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари анчадан бери бундай юксак натижани қайд этишмаган. Бу ютуқлар замирида шубҳасиз тренерларнинг машаққатли меҳнатлари ётибди. Улар барча қийинчиликларга қарамасдан, шогирдлари билан машғулотларда астойдил тер тўкишди ва меҳнатлар ўз мевасини беришни бошлади. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, юртимиздан спорт гимнастикасининг тирик афсонаси Оксана Чусовитинага муносиб ўринбосарлар етишиб чиқмоқда.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM