UZCARD ва HUMO терминалларида ҳар икки картадан ҳам тўлов қилиш имконияти яратилади

UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистонда нақд пульсиз ҳисоб-китобларни такомиллаштиришга хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади. Меморандум доирасидаги илк лойиҳага кўра, компаниялар инфратузилмаларининг босқичма-босқич интеграциялашуви амалга оширилади. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди. 

2021 йил охирига қадар тўлов тизимлари терминаллари иккала турдаги карталарни ҳам қабул қила бошлайди. Истеъмолчилар савдо нуқталари қайси терминалдан фойдаланаётганини сўраб ўтиришига ҳам ҳожат қолмайди, тадбиркорлар эса ҳар иккала картадан ҳам тўловларни битта терминал орқали қабул қила оладилар.

Шунингдек, меморандум доирасида компаниялар,

– карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо нуқталарининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

– нақдсиз тўловларни рағбатлантириш учун технологияларни такомиллаштириш ва инфратузилмани кенгайтириш;

– тўлов инфратузилмасининг ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM