Эркинжон Турдимов ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволларга жавоб қайтарди

Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимлар жойлардаги эпидемиологик вазият ҳақида аҳолини хабардор қилиб бориши ва ижтимоий тармоқлар орқали тушаётган саволларга жавоб бериши, муҳокама этилаётган масалаларга муносабат билдириши зарурлигини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан брифинг ўтказилди. Унда Э.Турдимов вилоятдаги эпидемиологик вазият бўйича ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволларга жавоб қайтарди.

Вилоят ҳокими дастлаб, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларда кенг муҳокама бўлган Самарқанд шаҳрида яшовчи онанинг фарзанди саломатлигидан ташвишланиб, йўллаган видеомурожаатига тўхталди.

— Биз кеча бу онанинг фикрлари ва унинг ўғли А.Мусиновнинг саломатлиги ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар бердик, - деди Э.Турдимов. — Ушбу мурожаат менга 13 июль куни телеграм орқали келган эди. Шу куннинг ўзида шифокорлар бориб, беморнинг ҳолатини ўрганди ва уни тез ёрдам машинасида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига олиб бориб, жойлаштиришди. Зарур тиббий муолажалар қилинди ва ҳозирда беморнинг ҳолати яхши. Кеча ўзим телефон орқали Аслам Мусинов билан гаплашдим, нима бўлганини сўрадим. Айтишича, касаллик белгилари сезилганда, яъни иситмаси кўтарилиб, томоғи оғриганда у уйда даволанишга ҳаракат қилган. Аммо вазият ўнгланмаган. Мен Асламга унинг саломатлиги учун қайғурган онасидан миннатдор бўлиши кераклигини айтдим. Фурсатдан фойдаланиб, барча самарқандликлардан ўзларида коронавирус аломатларини сезганларида зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилишларини, уйда ўз билганларича даволанишга ҳаракат қилмасликларини сўрайман.

Биз кеча шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини қайта кўриб чиқдик, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги call-center ишини жонлантирдик. Аҳолининг тез ёрдамга ёки поликлиникаларга мурожаат қилишида, уларнинг сўровларига жавоб ёки маслаҳатлар беришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни даволаш учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 3,2 миллиард сўмлик 65 турдаги дори воситалари харид қилинди ва ҳозирча икки ойлик захира яратиб қўйдик. Яқин кунларда яна бир ойлик захира яратиш учун зарур чораларни кўряпмиз. Демоқчиманки, коронавирус аниқланган беморларни дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлашга имкониятимиз етади. Уйида даволанадими ёки шифохонадами, касаллик қайд этилган бемор бепул равишда дори-дармон билан таъминланади. Бу борада муаммо юзага келса, фуқаролар ижтимоий тармоқлар, ишонч телефони орқали ўзимга мурожаат қилишлари мумкин.

Бундан ташқари вилоят тиббиёт муассасаларида стационар рентген аппаратлардан ташқари 34 та портатив рақамли рентген аппаратлар харид қилинди. Бунга қўшимча равишда Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий, ҳар бири 538 миллион сўмдан бўлган 2 та портатив рентген аппарати харид қилинди. Тез кунларда яна 2 та харид қилиб олиш бўйича буюртма берилди.

Шунингдек, 103 хизматида диспетчерлар 24 тага етказилди. Тизим қўшимча жиҳозланиб, барча қўнғироқлар рақамли тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилди. Қолаверса, абонентларнинг қўнғироқлари компьютер хотирасига сақланиб қолади. Энг асосийси 1105 қисқа рақамли кечаю кундуз ишлайдиган Сall-center фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда вилоятда 280 та тез тиббий ёрдам машиналари мавжуд. Тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида карантин бошлангандан буён 40 та «Дамас» ва 10 та «УАЗ» русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди. Бундан ташқари куни кеча қўшимча равишда яна 29 та «Дамас» автомашинаси харид қилиниб, тез тиббий ёрдам тизимига берилди. Мақсад аҳолига том маънода тез тиббий хизмат кўрсатиш.

Брифинг давомида Э.Турдимов вилоятда коронавирусга текшириш учун олинаётган тест таҳлиллари, хусусий тиббиёт муассасаларида таҳлил олиш тартиблари, тез ёрдам ва поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти, дорихоналардаги тақчиллик ва нарх-наво масалалари юзасидан саволларга ҳам батафсил жавоб қайтарди.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM