Карантиндаги хаёллар

Тасаввур қилайлик, айни пайтда дунё миқёсида яхши бир янгилик рўй берди: Орол денгизининг суви қайтди, турли хорижий мамлакатлардаги қирғинбарот урушлар буткул тугади, саратонга чалинганлар соғайиб кетди... Бўлиши мумкин эмас! дейишингиз табиий. Лекин нега?

Менинг бобом етти йил иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, соғ қайтганлар ва 60 йил яшаганлар. Ундан олдин қаҳатчиликни бошдан кечирган. Лекин шунча қийинчилик кўрса ҳам ўша давр одамлари саросимага тушмаган, эҳтимол қалбан изтироб чеккандир, аммо ҳамиша умид билан яшаган, ортидан яхши ном, яхши амаллар қолдирган. Мана бугун уларни фахру ифтихор билан эслаймиз.

Бугун ваҳимага берилган, нарх наволарни оширган, уйига қоп-қоп озиқ-овқатларни ғамлаётган одамларни кузатиб, шу ўйлар кечди хаёлимдан. Назаримда инсон аввало руҳан, қалбан саломатликка интилиши керак, ана шунда жисмоний саломатлик мустаҳкамланади. Бу бир талабанинг ўйлари. Аслида ҳам шундай бўлиши мумкин.

Келинг, ортиқча хавотир ва қўрқувдан чекиниб, ўзни ва ўзликни асрайлик, яхшилар! Нархларни ошириб, қадримизни туширмайлик, бўлар-бўлмасга емиш ғамлаб, ўзимизни совурмайлик, уйига қайтолмаётган талабаларга ёхуд бошқа хил қийинчиликдаги инсонларга қўлимиздан келганича ёрдам қўлини чўзайлик. Зеро, инсоннинг ночорлигидан фойдаланиш муқаддас китобларимизда ҳам таъқиқланган...

Дилшода Олимова,
ЎзЖОКУ талабаси

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM