ЭЛ СЎРАГАН ИНСОН ЭДИЛАР

ЭЛ СЎРАГАН ИНСОН ЭДИЛАР

Кимки раҳмдил бўлса, агарчи

чумчуқ сўйишда ҳам, 

Аллоҳ таоло қиёматда

унга раҳм қилади.

Ҳадис.

 

Кутилмаган фожиа бизни довдиратиб қўйди. Ғаддор ўлим азиз инсонимизни – Тошбўри Раҳимович Қиличевни биздан тортиб олди. Албатта, бу айрилиқ ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлишлигини тушунган одамлармиз. Аммо нима қилайлиқ, биз ҳам мусибатни кўтаришга сабримиз зўриқадиган ожиз бандалар қаторидамиз.

Тошбўри Раҳимовични эслаганимда ҳали ўзимни босиб ололганим, кўз ёшларимни тия олганим йўқ. Қадрдоним эди, меҳрибон инсоним эди, ҳамфикр ва маслаҳатгўйим эди. Айниқса, кейинги пайтларда – пенсияга чиқиб, вақтимиз ўз ихтиёримизда бўлиб қолгандан кейин тез-тез дийдорлашиб туришга имкониятимиз кўпайган эди.

Кўз олдимга келадиган манзара шу: Университет хиёбонининг бошидаги «обкомский уйлар»нинг тор кўчасида – оқсоқолимиз Абдушукур Муҳаммадқулов яшайдиган жой одатдаги учрашув манзилимиз. Келишилган пайтда устоз уйларидан чиқадилар, Тошбўри Раҳимович «Узоқ лагер»дан келадилар. Машиналарнинг ортиқчасини қолдириб, биттасига миниб, учаламиз керакли жойга қараб йўл оламиз. Энди бу тотли учрашув ҳеч қачон қайтарилмайди, энди у қиёматга қолди… Акажонимизнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

Тошбўри Раҳимович билан бир юрт фарзандимиз – Нурободликмиз. Ўтган асрнинг 70-йилларида, аниқроғи 1975 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Фармони билан Советобод райони (ҳозирги Нуробод тумани) ташкил этилиб, Самарқанд вилоятидаги чўл ва тоғли ҳудудлардаги чорвадор хўжаликлар бирлаштирилди. Бу ўша давр иқтисодиётини, айниқса, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тўғри сиёсат бўлган эди. Тошбўри Раҳимович қишлоқ хўжалик бошқармасига бошлиқ бўлиб келдилар, мен эса район ижроия қўмитасига ташкилотчи инструктор вазифасига тайинландим. Илк учрашувимиз, танишувимиз ана шу янги районни ташкил этишдан бошланган. Бизлар иш юзасидан кўп учрашмаганмиз. Чунки, у киши «даланинг одами», мен эса маъмуриятчи эдим. Аммо ижроқум йиғилишларида, унга масала киритиш ва тайёрлашларда бирга бўлганмиз.

Мен районда кўп ишламадим. Бор-йўғи ўн ой – олти ой ташкилотчи йўриқчи, тўрт ой масъул котиб. Самарқанд давлат университетида имконият бўлиб қолди, устозларим кўмагида таҳрир-нашриёт бўлимига оддий муҳаррир бўлиб ишга келдим.

Орада маълум муддат узилишлар бўлди. Бу қисқа муддат орасида Тошбўри Раҳимович Советобод районидаги «Ленинчи чорвадор» совхозига раҳбар, Самарқанд вилоят қоракўлчилик хўжаликлари трестига директор, Самарқанд вилояти партия қўмитаси қишлоқ хўжалиги бўлимига мудир лавозимларида ишладилар. 1983 йилда эса яна Советободга қайтдилар ва анча муддат район партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимда фаолият олиб бордилар.

Мана шу ўтган 8 йиллик даврда Тошбўри Раҳимович анча тобланган, чиниққан, арбоб сифатида шаклланиб улгурган эди. Ўзининг сўзлари билан айтганда, бу – «Бектош Раҳимович мактаби»нинг таъсири эди.

Районнинг биринчи раҳбари сифатида Тошбўри Раҳимовичнинг фаолияти кўпқиррали бўлганлиги маълум. Аммо мен у кишининг ишлаб чиқариш соҳасидаги ишларига баҳо бера олмайман. Билганларимнинг кўпи эса отам – Амир Каримовдан (у Зотнинг ҳам охиратлари обод бўлсин) эшитганларим. Отам Тошбўри Раҳимовични ниҳоятда ҳурмат билан тилга олар ва у киши ҳақида жуда меҳр-муҳаббат билан гапирар эдилар. Бунинг сабабчиси ҳам Тошбўри Раҳимовичнинг ўзлари бўлганлар, деган фикрдаман. Чунки, у киши районнинг биринчи котиби, отамнинг эса совхоздаги оддий  бир бўлим бошлиғи бўлиб ишлаганларига қарамасдан, отамнинг иззат-ҳурматини жойига қўяр эдилар. Отамни «эл оқсоқоли», деб атар, гарчи зарурат бўлмаса-да, баъзан маслаҳатлашиб ҳам турар эдилар. Отам эса бу муносабатдан ниҳоятда мумнун эдилар ва ҳамиша Тошбўри Раҳимовичнинг дуои жонини қилар эдилар.

Бир йиллар чўлда ёмғир бўлмасдан кетди, қурғоқчилик сезилди, чорва молларига зарар етди. Ўшанда отамнинг куйиниб, Тошбўри Раҳимович учун ташвишланиб гапирганларини эслайман.

Тошбўри Раҳимовичнинг бу меҳрибончилиги отам вафотидан кейин ҳам давом этди. Укам – Эгамберди Каримовни ўз қанотига олди. У кишининг қўллаб-қувватлашлари билан узоқ йиллар Нуробод туманида давлат нотариуси бўлиб ишлади. Биринчи котиб бўлганларида ҳам, кейинчалик шу туманга ҳоким бўлган даврларида менга ҳам иззат кўрсатдилар. Туман миқёсида бўладиган маънавий-маърифий тадбирларга таклиф қилиб турдилар, одамларнинг олдида «юртимиздан чиққан олим», деб улуғладилар.

Тақдирлар яна туташди. 1989 йилда Тошбўри Раҳимович Самарқанд вилоят Халқ депутатлари ижроия қўмитасининг раиси бўлиб иш бошлаган пайтларида мен вилоят партия қўмитаси фан ва ўқув юртлари бўлимида сектор мудири эдим. Ўша пайтлар ҳам ҳаётим ва фаолиятимдаги асосий маслаҳатчиларимдан ва ҳамфикрларимдан бири Тошбўри Раҳимович бўлганлар.

Кейинги пайтларда, вилоят миқёсида бўладиган оммавий тадбирлардаги учрашувларимизни ҳисобга олмаганда, суҳбатларимиз асосан тор доирада бўларди. Ҳасан Норбекович Нормуродов, Муртазо Холбўтаев, Суюн Тошимович Қаршиев, Ёрман Холмонович Қўшмуродовлар иштирокидаги суҳбатлар жуда мароқли бўлганлигини эслайман. Энг ширин суҳбатлар – устоз Абдушукур Муҳаммадқулов, Тошбўри Раҳимович ва мен – учаламиз ўртамизда бўлган.

Бу «учлик» суҳбатлар жуда кўп марта такрорланган бўлса ҳам, мавзу кўпинча яқин ўтмиш хотиралари эди. Асосан оқсоқоллар иккаласи гаплашишарди, мен қулоқ солардим. Сабаби улар тилга олган ва эслаган инсонлар миллатимиздан чиққан йирик давлат ва жамоат арбоблари, асосан, Шароф Рашидов, Ислом Каримов, Бектош Раҳимов ва Назир Ражабовлар ҳақида бўларди. Уларнинг давлат бошқарувидаги зукколиги, эҳтиёткорлиги, халқпарварлиги тилга олинарди, турли ташкилий ишлар ва халқпарварлиги мароқ билан эсланарди. Мамлакатимиздаги ҳозирги янгиланишлар жуда мамнуният билан тилга олинарди.

Абдушукур Муҳаммадқулович ҳам бу атоқли инсонларни яхши биларди. Чунки Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси масъул ходими, Самарқанд вилоят партия қўмитаси котиби, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси депутати, Челак тумани ҳокими сингари юксак лавозимларда бўлганларида улар билан бирга ишлашган.

Тошбўри Раҳимович мана шу тилга олинган давлат ва жамоат арбоблари ҳақида хотиралар ёзиш истагида эканлигини айтган эдилар. Бу ният қанчалик амалга ошди, бундан бехабарман. Аммо Меҳнат қаҳрамони бўлган, республикадаги уч вилоят – Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларининг биринчи раҳбари бўлиб узоқ йиллар ишлаган фидойи ва юксак ташкилотчи инсон Бектош Раҳимовични алоҳида муҳаббат билан тилга оларди, у кишининг устозлик қилганларини ҳурмат билан эсларди. Наманган ва Самарқанд вилоятларининг биринчи раҳбари бўлган Назир Ражабовичнинг бошқариш маҳоратига қойил қолиб гапирарди.

Бирон бир лавозимда ишлаб туриб, халққа раҳбарлик қилиш қанчалик қийин-осонлигини билмадиму, аммо эл сўраш осон эмас. Бизнинг юртларда эл сўрамоқ ибораси алоҳида мазмунга эга. У эл-юрт учун қайғуриб яшамоқ маъносини англатади. Ўтмиш ҳақида гапириш, бўлиб ўтган воқеаларга муносабат билдиришдан осони йўқ. Ҳамма ўз билганини гапираверади. Аммо ўша пайтлар – Тошбўри Раҳимович Советобод-Нуробод туманининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган даврлар ниҳоятда мураккаб даврлар эди. Советлар ҳукмронлигининг охирги талвасаси ва мустақилликнинг илк титапоя қадамлари ташланаётган таҳликали замонлар эди. Шундай пайтда халқнинг қорнини тўйдириш ўзи бир муаммо эди.

Аммо ҳар бир даврнинг Тошбўри Раҳимовичга ўхшаган ўз қаҳрамонлари бўлишган. Улар раҳбарликнинг уддасидан чиқишган, давлат буюртмаларини уддалашдан ташқари, халқнинг турмуш тарзини яхшилаш учун ҳам қайғуришган. Ўша даврларда ҳам мактаблар, боғчалар, йўллар қурилган, электр таъминоти назорати бўлган, қишлоқларга табиий газ олиб келинган ва ҳоказо. Бу каби ишларни амалга оширишда Тошбўри Раҳимович  1959 йилдан бери Нуробод тумани ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган, ҳозир қандайлигини билмадим, узоқ йиллар давлат таъминотида бўлган Жанубий кон бошқармаси имкониятларидан ҳам фойдаланган. Шунинг учун ҳам нурободликлар Тошбўри Раҳимович раҳбарлиги пайтларидаги бунёдкорлик ишларини яхшилик билан эслашади, эл сўраган инсон сифатида тилга олишади.

Тошбўри Раҳимович давлат ишларига берилиб кетиб, фарзандлар тарбиясини ёддан чиқарган эмас эди. Уларнинг ҳар бирини ўз тутуми, оталик принципи билан тарбиялаган. Эл удумларини ёддан чиқармасликка, элдан ажралмасликка даъват қилган. Ана шунинг учун ҳам улар давлат ишларида,  ҳуқуқ-тартибот органларида, тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган бўлишларига қарамасдан, бир оёғи ҳамиша қишлоқда, ота-она туғилиб ўсган табаррук юртда.

Тошбўри Раҳимовичнинг орзулари кўп эди. Уларнинг ҳаммасидан ҳам хабардор бўлмасам-да, бизларни ҳеч қачон элдан ажралмасликка, ҳаётдан сабоқ олиб яшашга даъват қиларди. Кейинги пайтларда кўп китоб ўқирди. Оммавий ахборот воситаларини, матбуотни, ижтимоий тармоқларни зийраклик билан кузатиб борарди. Воқеликка зукколик билан муносабат билдирарди. Ислом таълимотини ҳам ўргана бошлаган, ибодат йўлига кирган эдилар.

Деярли ҳар куни, бўлмаса кун аро телеграмимга бир янгиликни ташлаб турарди. Жуда муҳим воқелик бўлса, ортидан телефонлашардик, фикр алмашишардик. Оқсоқол мана шундай сиёсий ҳушёр ва тафаккур-таҳлил қуввати кучли инсон эдилар.

Тошбўри Раҳимович илмли кишиларни қадрлар эдилар. Жамият ривожини уларнинг кашфиётларида, яратган янгиликларида, берган фикр ва ғояларида кўрар эдилар. Менга барча Нурободлик олимларнинг рўйхатини тузиш, уларни бир жойга тўплаб бериш вазифасини топширган эдилар. Уларга чой бермоқчи ва кўнглидаги гапларини айтмоқчи эдилар. Улгурмадим.

Аллоҳни таниганни Аллоҳ ҳам танийди, Роббисига имон келтирганларнинг икки дунёсини обод қиладиган ҳам буюк Роббимизнинг Ўзи. Эл сўраганни эл ҳам сўрайди. Бугун нафақат авлодлари, зурриётлари, балки юракларидан чуқур жой олган мен каби шогирду укалари, дўсту биродарлари, бирга ишлаган сафдошлари – барчамиз чуқур қайғудамиз. Яширмоқдан не фойда, отамга, бутун оиламизга ҳурматда ва эътиборда ўлган бу донишманд инсонни унутиш имонсизлик бўлади. Кўришиш энди қиёматга қолганини билсам-да, соғинаяпман. «Суюн Амирович» деб қилган мурожаатларини яна эшитгим келаяпти. Меҳрибон ва ғамхўр овозлари, одамлар билан қилган муомаласи шундайгина қулоғимда турибди. Чиройли юзи ва келишган қадди-қомати, ҳатто дид билан кийинишлари кўз олдимдан кетмаяпти.

Яқинда тўй қилмоқчи, неварам Дилнозани узатмоқчи эдик. Тошбўри Раҳимовичнинг ҳаммамизга бош бўлиб, қудалар томон боришлигимизни ният қилиб қўйган эдим…

Ақлим танидиму қошимда шу кун,

Жасур акаларим сафини кўрдим.

Уларнинг ҳар бири ботир ва дуркун,

Мен улар сафига шеър билан кирдим.

Энди мен эслайман кўзларимда нам,

Ўша давраларнинг оташ сеҳрини.

Қўмсаб талпинаман гоҳи-гоҳи дам

Жасур акаларим ажиб меҳрини.

Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,

Ака бўла қолгил менга, табиат.

(Абдулла Орипов).

Бу ажойиб ва бағрикенг инсоннинг тириклигида ҳурматини жойига қўя олмадик, афсусдаман. Аммо, зиммамда биргина вазифа – ибодатларимда у зотнинг ҳақларига дуода бўлиш турибди ва мен буни умримнинг охиригача адо этаман.

Ҳар нарсага қодир бўлган эй, буюк Тангрим! Тошбўри акамизнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ўзинг даргоҳингда қабул айлагин! У Зотнинг руҳларини шод, охиратларини обод қилгин! Билиб-билмай қилган гуноҳларини кечириб, қабрларини Қуръон нури ила мунаввар этгин! Зурриётларига узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахту саодат ато қилгин! Отасидай эл сўраган инсонлар бўлишликларини насиб этгин, Аллоҳу акбар!

 

Суюн КАРИМОВ,

Нуробод фарзанди, профессор.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM