БАЙРАМ ТАБРИГИ

Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Нуробод тумани ҳокими Ш.М.Юлдашевнинг

БАЙРАМ ТАБРИГИ

 

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Азиз туманимиз аҳли!

 

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўлами теран, аҳамияти юксак ислоҳотлар халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар учун виждон эркинлиги ҳуқуқини тўлиқ кафолатлашнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар муборак Рамазон ойини бу йил ҳам яратилган қулайлик ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш ҳамда унга шукрона келтириш кайфиятида ўтказдилар.

 

Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, руҳий покланиш ойи ҳисобланган ушбу қутлуғ кунларда уламолар, имом-хатиблар, муҳтарам фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан жойларда 100 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. Айниқса, саховат тадбирлари доирасида 200 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдам ва кўмак кўрсатилди. Бу эса тумандошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда Рамазон ҳайити байрами шукуҳининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

 

Муборак Рамазон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда жорий йилнинг 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Рамазон ҳайити байрамининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари  савобли ишларни амалга оширишга интиламиз. 

 

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин!

Муқаддас айём – Рамазон ҳайити байрами барчамизга муборак бўлсин!

 

Ш.Юлдашев,

Нуробод тумани ҳокими 

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM