Нуробод туманига уламолар гуруҳининг ташрифи: халқ билан суҳбат, учрашувлар, амалий қўллаб-қувватлашлар

Бугунги Янги Ўзбекистонда бошқа соҳалар каби диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар салмоқ жиҳатидан етакчи ўринларни эгалламоқда. Бу эса мазкур ислоҳотлар моҳиятини кенг тарғиб этиш, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, уларнинг турмушдан рози бўлиб, шукроналик ҳисси билан яшаши, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш масъулиятини юклайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ уламоларидан таркиб топган тарғибот гуруҳлари Республикамизнинг қатор вилоятларига амалга ошираётган амалий ташрифлари ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган.

Бугун, 22 июль куни мазкур гуруҳ вакиллари анъанани давом эттириб, Самарқанд вилоятига ташриф буюришди. Ташрифнинг биринчи кунида тарғиботчилар вилоятнинг Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Нуробод ва Пастдарғом туманларида бўлишиб, масжидлар фаолияти билан яқиндан танишдилар ва жамоат билан пешин намозини адо этдилар.

Тарғибот гуруҳи аъзолари ташрифнинг биринчи кунида вилоятнинг узоқ Нуробод туманини ҳам эътибордан четда қодиришмади.

Хусусан, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари А.Юнусов, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани бош имом-хатиби Ф.Аллаёров, Тошкент шаҳри “Сирожи Солиҳ” масжиди имом-хатиби Х.Қодиров, Тошкент шаҳри Олмазор тумани бош имом-хатиби А.Юлдашевлар вилоятнинг Нуробод туманига йўл олишиб, жамоат билан пешин намозини адо этдилар ва аҳоли билан дилдан суҳбат қурдилар.

Ташриф давомида уламолар “Жом Ота” ва “Оқсой” жоме масжидларида фуқаролар билан давра суҳбатлари ўтказилди. “Сарикўл” ва “Бахоуддин Нақшбанд” жоме масжидларида эса маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ташкиллаштирилиб, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Меҳмонлар туман маҳаллаларининг эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олишиб, “Вақф” хайрия жамоат фонди совғаларини улашишди.

Вақт тиғиз эканига қарамасдан тарғибот гуруҳи вакиллари тумандаги 41-сон умумтаълим мактаби ва 6-сонли давлат мактабгача таълим муассасасига ҳам бордилар. Таълим масканларидаги шароитлар билан яқиндан танишиб, қимматли маслаҳатларини бердилар. “Халқни турмуш даражасини билмоқ бўлсанг, бозорига бор” нақлига амал қилиб, меҳмонлар Нурбулоқ деҳқон бозорига ҳам кириб ўтдилар. Бозор маъмуриятига савдо аҳли учун яратилган шароитларни янада яхшилаш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Республикамиз уламоларининг Самарқанд вилояти ҳудудларига амалий ташрифи ва хайрия амаллари давом этмоқда.

 

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM