Қишлоқ хўжалигини техникасиз тасаввур этиш қийин

Халқимизда «Техника – деҳқоннинг қаноти», деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Сабаби ерга уруғ қадашдан тортиб, ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга қадар бўлган ишларнинг барчаси техника кучи ёрдамида амалга оширилади.Шу боис, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳалари қатори қишлоқ хўжалигида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июлдаги «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қиляпти.Мазкур ҳужжатда Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Агрегат заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ва «Технолог» акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари уч йил муддатга «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига ишончли бошқарувга берилиши ҳамда тармоқ корхоналарининг рентабеллигини ошириш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва таннархини пасайтириш вазифалари белгиланган эди.Ўтган даврда Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводидаги ишлаб чиқариш майдонлари 68 фоизга мақбуллаштирилиб, ускуналардан фойдаланиш самарадорлиги оширилгани боис маҳсулот таннархи 4 фоизга пасайган ҳолда, қарийб 45 миллиард сўм иқтисод қилинди. Қувонарлиси, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказилиб, 80-100 от кучига эга бўлган тракторлар нархлари 15-20 фоизга арзонлаштирилди.Ҳозирги кунда Минск трактор заводи билан ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, бу шериклик доирасида Ўзбекистонда ҳар йили 3 мингта трактор ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Лекин корхоналарнинг технологик ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, қишлоқ хўжалигини замонавий техникалар билан таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар кўп.Жорий йилнинг 5 июль куни қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда кимё саноатидаги лойиҳалар тақдимоти давомида бу масалаларга эътибор қаратилиб, маҳаллий техникалар нархи импорт техникаларга нисбатан 10-15 фоиз қимматлиги айтилган ҳолда, бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.Тақдимотда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш, қувватлардан фойдаланиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, пойтахтимизда жойлашган тармоқ корхоналарини Чирчиқ шаҳрига кўчириш ва уларнинг негизида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.Тошкент ва Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, Агрегат заводи, «Технолог» ва «ЎзКлаас Агро» корхоналари саноат кластери усулида ягона майдонда жойлаштирилиши қайд этилди. 1 минг 200 та ускуна ва жиҳоз, 28 турдаги техника оптималлаштирилиб, ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш 85 фоизга, маҳаллийлаштириш 50 фоизга етказилиши билдирилди. Бу билан ишлаб чиқариш таннархи 20 фоизга пасайиб, корхоналарнинг рентабеллик даражаси 10 фоизга ошиши кутилмоқда.Президентимиз лойиҳа билан танишиш жараёнида маҳаллийлаштириш борасидаги ишларни давом эттириб, техникалар нархини арзонлаштириш бўйича алоҳида кўрсатмалар, тавсиялар берди. Хусусан, Минск трактор заводи билан ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган тракторларни маҳаллийлаштириш даражасини келгуси йил 40, 2023 йилда 50 фоизга, «ЎзКлаас Агро» бўйича бу кўрсаткични 25 фоизгача етказиш вазифаси қўйилди.Маҳаллий техникаларни сотиб олиши учун фермер хўжаликлари ва кластерларга енгиллик яратиш мақсадида лизингнинг бошланғич тўловини 25 фоиздан 15 фоизга, фоиз ставкасини 16 фоиздан 7 фоизга тушириш ҳамда лизинг муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирилиши ҳам барча фермерларни, ер эгаларини беҳад қувонтирди. Яратилаётган имконият ва берилаётган имтиёзлар миришкорларимиз учун катта рағбат бўлиб, уларни янада катта муваффақиятлар сари илҳомлантирди.Доно халқимиз айтганидек, деҳқончиликда танаффус бўлмайди. Аграр соҳада қишин-ёзин иш ишга уланиб кетаверади. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар фермерларнинг оғирини енгил қилиш баробарида, экинлардан баракали ва сифатли ҳосил етиштиришга хизмат қилади.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM