Самарқанд шаҳри кенгайтирилади - янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этилади

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри аҳолиси 600 мингдан ошди. Ҳозирги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма эҳтиёжни қондира олмайди. Шу боис шаҳарни Паст Дарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу йўналиш вилоят учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, минглаб иш ўринлари яратилади, дея алоҳида таъкидлади Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Самарқанд вилоятида 120 та норуда конлар мавжуд бўлиб, улардан 33 таси саноат йўли билан ўзлаштиришга жалб қилинмаган. Мисол учун, 5,1 миллион куб метр керамзит ва пардозбоп тошлар, 200 минг тонна ферро-силицийни саноат усулида қайта ишлаш имконияти бор.

Мутасаддиларга мавжуд конларнинг муҳандислик инфратузилма таъминотини ўрганиб, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин ҳозирда уларнинг атиги 48 фоизидан фойдаланилмоқда, холос.

Шу боис тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўтган йиғилишдаги топшириққа мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳунармандчиликнинг муайян йўналишларига ихтисослашган 217 та эски қишлоқ тарихи, маҳаллий аҳолининг азалдан шаклланган кўникмалари ва “ўсиш нуқталари” ўрганилди. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам бошлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериб, 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM