Тошкентдаги Ғалаба боғи Ўзбекистон раҳбариятининг юксак маънавий, ахлоқий ва инсоний тамойилларга содиқлигини намоён қилди

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкентда қад ростлаган янги монументал иншоотлар ва бошқа объектлар хорижий давлатлар ижтимоий-сиёсий, илмий ва ишбилармон доиралари томонидан юқори баҳоланмоқда. 

Хусусан, Мисрнинг “Ал-Жумҳурия” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, Миср ташқи ишлар бўйича кенгаши аъзоси Саййид ХОНИЙ қуйидагиларни қайд этди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни мамлакат пойтахти Тошкентда мисли кўрилмаган кенг кўламли Ғалаба боғининг очилиш маросимида иштирок этди.

Ўзбекистонда Covid-19 коронавирус пандемияси, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида эса табиий офат оқибатлари билан курашилмоқда. Шунга қарамасдан маданий-тарихий боғнинг қурилиши республика раҳбариятининг юксак маънавий, ахлоқий ва инсонпарварлик тамойилларга, шунингдек, уруш йилларида қурбон бўлган 600 минг киши хотирасига кўрсатган чуқур ҳурмат рамзи бўлди.

Уруш йилларида Ўзбекистонда 6 миллион киши истиқомат қилган, уларнинг 1,5 миллиони эса фашистлар қўшинига қарши жангларда қатнашгани ўзбек халқининг ўз юртига садоқатидан далолат беради. Шунингдек, 200 мингдан ортиқ ўзбек аскар ва офицерларининг ҳарбий мукофотлар билан тақдирлангани ҳам фикримизга ёрқин мисол.

Шу билан бирга, Ўзбекистон нафақат ўғил ва қизларини урушга юборди, балки 1,5 миллион аҳолини қабул қилди, ишғол қилинган ва урушдан жабр кўрган ҳудудлардан Ўзбекистонга 250 минг бола эвакуация қилинди. Жанг майдонларидан кўчирилган минглаб аскарлар ҳам айнан Ўзбекистондаги шифохоналарда даволанди.

Республикада амалга оширилган барча ишлар ўзбекистонликларнинг унинг шарафли қаҳрамонлари, ота-боболарига ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишларини яна бир бор таъкидлайди. Тарихий хотирани абадийлаштиради.

Ўзбек халқининг жасорат кўрсатган фарзандлари номини абадий сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳозирги ва келажак авлод хотирасида ибрат сифатида муҳрланиб қолади.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қоҳира операси мусиқаси ўқитувчиси, 81 ёшли Марлис ЮНУСХОНОВ мамлакатимизда бунёд этилган Ғалаба боғининг очилиши ҳақида интернет орқали хабар топганини айтиб ўтди.

—​ Президент Шавкат Мирзиёевга ана шундай Хотира боғини қуриш ташаббуси ва уни рўёбга чиқаргани учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ушбу ташаббус билан тарихий адолат ва барча қаҳрамонларимиз хотираси қайта тикланди, номи абадийлаштирилди!

Ғалаба боғида генерал Собир Раҳимов ҳайкали, урушда 5 нафар ўғлидан жудо бўлган қаҳрамон она —​ Зулфия ая Зокирова шарафига янги “Қатъият сари“ монументи бунёд этилгани алоҳида ҳурматга лойиқдир.

Давлат раҳбари эзгу ишга қўл уриб, Ватан учун жонини фидо қилган миллионлаб генерал, офицер ва аскарлар, душман устидан ғалаба қозонишга катта ҳисса қўшган миллионлаб фронт орти меҳнаткашларини яна бир бор улуғлади.

Бу интилишларни, одамлар фаровонлиги учун амалга оширилаётган ишларни, олисда бўлсак-да биз, фахрийлар, санъаткорлар ҳам ҳис этмоқдамиз.

 

"Дунё" АА

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM