Самарқанд вилояти бюджетидан сардобаликлар учун 5 миллиард сўм ажратилди

Жорий йилнинг 2 май куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ўтказилган сессияда Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида юзага келган табиий офатдан талафот кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов видеоселектор тарздаги сессия қатнашчиларига Сардоба туманидаги воқеа, у ердаги бугунги вазият ҳақида ахборот берди.

— Кеча депутатларимиз, фаоллар Сардоба аҳлига ёрдам уюштириш ташаббуси билан чиққанди, — деди Каттақўрғон тумани ҳокими А.Баҳромов. — Очиғи, халқимизнинг шу қадар мурувватли эканлигидан ғурурландим. Ёмғир ёғиб турган бўлишига қарамасдан, кечгача табиий офатдан жабрланганлар учун иккита катта юк машинасига жойланадиган кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари тўпланди ҳамда эрталаб тегишли манзилга жўнатилди.

Сессияда жойлардаги бу хил ташаббуслар ва жамоатчиликнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати маркази қошида Сардоба учун алоҳида бўлим ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинди.

Шундан сўнг Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига вилоят бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 5 миллиард сўм пул кўчириш таклифи ўртага ташланди ва бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.

— Сардобаликлар бизнинг биродарларимиз, — деди Э.Турдимов. — Ёз мавсумида аҳолимизни полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келишяпти. Қолаверса, оғир кунда елкадош бўлиш халқимизнинг ноёб қадриятларидан бири. Бу кўмакни аллақачон бошлаб юборган, ижтимоий тармоқлар орқали ва бошқа шаклларда жабрланганларга маънавий мадад бериб турган вилоятимиз зиёлилари ва аҳолисига миннатдорчилик билдираман.

Дарҳақиқат 1 май куни Сардоба сув омборида юзага келган талафот ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун бугун бутун мамлакатимиз оёққа турган.

Жумладан, самарқандликлар ҳам Сирдарё вилояти аҳолисига ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. 1 май куни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус бригадаси биринчилар қаторида воқеа жойига етиб бориб, офатни бартараф этишга киришди. Кечга яқин эса озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон ва уй-рўзғор буюмлари юкланган автокарвон сирдарёликлар томон йўл олди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2 май куни ўтказилган сессиясида сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти аҳолисига вилоят бюджетининг даромадлар қисмидан 5 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, бугун эрта тонгдан вилоятдан барча туман ва шаҳарларидаги “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати марказлари томонидан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур воситалар юкланган 30 дан ортиқ автомашина Жомбой туманида тўпланиб, катта автокарвон Сирдарёга жўнади.

Ушбу автокарвон орқали қўшни вилоятга 27,6 тонна ун, 27 тонна картошка, 17,5 тонна пиёз, 16,7 тонна ўсимлик мойи, 12,1 тонна сабзи, 11,8 тонна гуруч, 4,4 тонна макарон, 24 минг дона тухум, 320 кг. гўшт, 3,8 тонна сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, 3080 жуфт оёқ-кийим, 5816 дона кийим-бош, 9281 дона кўрпа-тўшак, 1688 дона идиш-товоқ, 6600 дона гигиеник ва 200 турдаги дори-дармон воситалари юборилди.

Ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириши учун 2 та катта қайиқ, 20 дона ҳарбий дала палаткаси, 4 та экскаватор, 2 та автокран ва 3 та бульдозор, 81 юк автомашинасида пойдевор блоклари, тоғ тоши, шағал, бетон, жўнатилди.

Кеча Самарқанд вилоятидан Сирдарёга 2 миллиард 759 миллион сўмлик маҳсулот ва буюмлар етказиб берилди. Бу ишлар ҳали давом этмоқда.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM