Хотира ва қадрлаш — юксак инсонпарварликдир

Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги Фармон ва қарорига мувофиқ, мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш, бугунги тинч, фаровон кунлар йўлида қурбон бўлган инсонлар руҳига ҳурмат кўрсатиш, биз билан бирга умргузаронлик қилаётган қаҳрамонларни эъзозлаш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Юртимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш, ҳаёт бўлган фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида олиб борилаётган ишларга хорижликлар ҳам юксак баҳо бермоқда.

Буни қуйидаги фикр-мулоҳазалар ҳам яққол тасдиқлайди.

Вадим ТEРЁХИН, Россия Ёзувчилар уюшмаси бўлим мудири (Россия): Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этиш учун молини ҳам, жонини ҳам аямагани бизга яхши маълум. Топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолган уч қисмини фронтга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига бергани ҳақидаги тарихий хабарларни ўқир эканман, беихтиёр кўзимга ёш келади. Ўзбек халқининг икки миллионга яқин фарзандлари фашистларга қарши жангларда мардонавор курашган. Улардан бир неча юз минг киши ҳалок бўлган. Яна қанча-қанча ўзбекистонликлар фронт ортида фидокорона меҳнат қилганлар.Иккинчи жаҳон уруши келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман, уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳозирги авлодлар учун фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман. Зеро, улар билан танишган ҳар бир инсон бугун озод мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрини яхши англайди.Ғалаба куни, Хотира ва Қадрлаш куни, Тинчлик куни...9 май кунини ҳар бир халқ турлича номлайди, бироқ унинг замирида ётувчи маъно ягона. Ушбу байрамда фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган ҳар бир халқнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади.Ўзбек халқи учун бу дунёдан ўтганларни хотирлаш, тирикларни эъзозлаш азалий қадрият. Шу маънода мамлакатингизда 9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни сифатида тантана қилиниши, тинчлик учун курашган инсонларга эҳтиром кўрсатилиши тушунарли ҳамда ғоят адолатлидир.

Адриатик ЖEК, шоир ва таржимон (Албания):                                              Иккинчи жаҳон урушининг олатасир жанг майдонларидан ташқари, уруш ортида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон берган. Шу сабабли уруш йилларида ҳеч ким рўшнолик кўрмаган. Шуни унутмаслик керакки, ўзбек халқи ҳам мисли кўрилмаган азоб-уқубат ва талафотлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.Бугунги тинч-тотув кунларда ўша мудҳиш уруш йилларнинг азобини тортган ва тирик қолган инсонлар ҳаёт гаштини сурмоқда, десак муболаға эмас. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилиб, иззат ва ҳурмат кўрсатилаётганини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бормоқдамиз. Бир неча йиллар аввал Ўзбекистонда жанг майдонларида ҳалок бўлганларнинг рўйхатини ўз ичига олган кўп жилдлик «Хотира» китоби чоп этилганини, Хотира майдонида мажмуа қурилиб, ҳалок бўлган ҳар бир инсоннинг номи зарҳал ҳарфлар билан битилгани ҳақида ўқигандим. Бу йил ҳам давлат раҳбари Фармон ва қарорига мувофиқ, уруш қатнашчиларига пул мукофотлари берилиши, уларнинг саломатлиги, дам олиши, уй-жой шароитлари доимий эътиборда экани ҳақида ўқиб ғоят мамнун бўлдим. Зотан, ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун курашган инсонлар жасорати унутилмасдир.

Ворис ЙЎЛЧИЕВ, Евросиё Миллатлар Ассамблеясининг адабиёт бўлими мудири (Озарбайжон):

 Ўтган йили шу кунлар арафасида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар ва фронт орқасида фидокорона меҳнат қилган одамларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкентда муҳташам Ғалаба боғи, «Шон-шараф» музейи ва «Мангу жасорат», «Матонат мадҳияси» монументлари бунёд этилгани ҳақида дўстларим орқали хабар топгандим. Сўнгра бу иморатларнинг, янги боғнинг фотосуратларини кўриб, янада баҳридилим очилди. Чиндан ҳам ажойиб. Ўзбек халқининг жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар қад ростлабди янги қурилган боғда.Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам эканига шубҳа йўқ.

 

2015-2024 © Nurobod tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM