Нуробод туманидаги “Остона ота” зиёратгоҳи ҳақида биласизми?

Амир Темур ва Темурийлар даврида мазкур Ишқия тариқатнинг йирик шайхлари ҳозирги Нуробод тумани “Қўрғонча” маҳалласидаги Остона ота қишлоғида яшаган. Қишлоқдаги Остона ота мозорида Худойқули шайх, Муҳаммад шайх, Илёс шайх кабилар дафн этилган мақбара мавжуд.

XV аср охирларида Нақшбандия тариқати таъсири аҳоли орасида бениҳоя кучайгач, Ишқия шайхлари Самарқанддан узоқроқ ва янада хилватроқ маскан излашади. Мавжуд вазиятда улар ҳали Нақшбандия шайхларига мурид бўлиб улгурмаган тоғлик аҳоли ўртасидагина эътибор ва муваффақият қозонишлари мумкин эди. Бу жиҳатдан тоғлар орасидаги бўлажак Катта Лангар қишлоғи ҳудуди уларга янги қароргоҳ учун мақбул мавзе бўлиб кўринади. Бу кўчишни ровийлар шайх Муҳаммад Содиқ (вафоти 1545 йил) номи билан боғлашади. Афсонавий нақлга кўра, Муҳаммад Содиқнинг ёшлигидаги вазифаларидан бири ўз пири учун таҳоратга сув иситиб бериш эди. Бир куни у ўтин тугаб қолганини кўриб, сувни иситай дея қумғонни қўлтиғига қисиб олади. Мўъжиза юз бериб, сув қайнаб кетади. Пир ўз муриди ҳақиқат босқичига етганини англаб, шундай дейди: “Энди бу ерда иккаламиз туришимизга ҳожат йўқ. Сен иршод мақомига етибсан ва ўзингга бошқа макон топмоғинг лозим. Туяга миниб йўлга туш. То у чарчаб батамом ҳолдан тойиб йиқилиб, уч кундан сўнггина ўрнидан турадиган манзилгача йўл бос. Бориб етганинг жой сенга маскан бўлғуси!”

Муҳаммад Содиқ туяга миниб, кажаванинг бир тарафига Қуръон, иккинчи тарафига муборак хирқани солиб, йўлга тушади. Туя ҳозирги Катта Лангар қишлоғи жойлашган мавзега етганда ҳолдан тойиб йиқилади ва уч кундан сўнггина ўрнидан туради.

Хирқа ҳақидаги мазкур ривоятларни баён қилган М.Е.Массон унинг пайдо бўлишини бошқача изоҳлайди. Олимнинг фикрига кўра, XVI асрда шайбоний ҳукмдорлар ҳомийлигидаги юксалишдан сўнг, XVII асрдан бошлаб Катта Лангарнинг диний-тасаввуфий марказ ва зиёратгоҳ сифатидаги мавқеи пасая бошлаган. Бу ердаги шайхлар бунинг олдини олиш, мавзенинг ўлка аҳолиси орасидаги зиёратгоҳлик мақомини ошириш учун гўёким пайғамбарга тааллуқли хирқа, тасбеҳ ва “мўйи муборак” каби сохта буюмларни ўйлаб топишган.

М.Е.Массон эшитганлари асосида хирқанинг тавсифини ҳам келтиради: “Хирқа оч-малла туя юнгидан тўқилган, унинг сариқ, кўк ва қизил нақшлари бўлган. Хирқа Иброҳим алайҳиссалом тарафидан қурбонликка сўйилган қўй юнгидан тўқилган, деган нақл ҳам мавжуд. Унинг чоклари бўлмай, мўъжизавий тарзда Муҳаммад пайғамбар учун яратилган эмиш. Шунингдек, у шундай хусусиятга эга эканки, назар солган одамларга турлича рангда кўринаркан”.

Санкт-Петербурглик олим Ефим Резваннинг халифа Усмон қуръонига бағишланган рус ва инглиз тилларида чоп қилинган тадқиқотларида Катта Лангардан топилган кўҳна Қуръон нусхаси ва бу ерда сақланган муборак хирқа ҳақида ҳам баъзи маълумотлар бор. Е.Резван С.Е.Григорьевнинг 2002 йилда инглиз тилида эълон қилинган “Афғон тарихий манбалари Муҳаммад пайғамбар хирқаси ҳақида” номли мақоласига таянган ҳолда баён қиладики, Афғонистондаги баъзи манбалар маълумотига кўра, Афғонистон давлатига асос солган Аҳмадшоҳ Дурроний (1747-1773) даврида Катта Лангардаги хирқа Афғонистонга олиб кетилган ва ўшандан бери Қандаҳор шаҳридаги мозорлардан бирида сақланар экан.

 

Манба: Ғулом Каримий. Пайғамбарнинг хирқаси (1-қисм)

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM