Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълумоти

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 11 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикасида жами 44730 нафар, дунё бўйича 45169 нафар фуқаро коронавирус инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 4,7 фоизни (2022 нафар) ташкил этди. Касалланганларнинг 1114 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 25 та давлатда 439 нафар фуқарода қайд этилган.

Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида 12 февраль кунигача 834 та намуна коронавирус инфекциясида текширилиб, ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмади.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 11 февраль куни хорижий давлатлардан 30 та самолёт қабул қилиниб, 3873 нафар фуқаро, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 5 та поездда жами 1121 нафар фуқаро, Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлар орқали 45252 нафар фуқаро термометриядан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 12 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.

Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.

Бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM