Нуробод туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг расмий муносабати

 

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўн кундирки, 3 яшар ўғлим билан кўча-куйда тунаб юрибман” — Human.uz суриштируви номли мақолага муносабат

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни www.human.uz веб-сайтида ҳамда human.uz номли Telegram каналида “Ўн кундирки, 3 яшар ўғлим билан кўча-куйда тунаб юрибман” — Human.uz суриштируви номли мақола эълон қилинди.

Нуробод тумани Гирдиқўрғон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Нишонова Феруза Турсунпўлатовнанинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига ва юқори ташкилотларга жорий йил давомида “Уй-жой билан таъминлаш масаласида” қилган  мурожаатлари туман ҳокимлиги ва ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан бир неча маротаба ўрганиб чиқилган.

         Мазкур мурожаатларни ўрганиш давомида фуқаро Нишонова Феруза 1978 йилда туғилганлиги, ёлғиз она эканлиги, ўзига тегишли уй-жойи мавжуд эмаслиги, бир нафар фарзанди билан Тошкент вилоятида яшаётганлиги, Нуробод тумани Гирдиқўрғон маҳалласида 2010 йилдан буён доимий яшамаслиги аниқланган. 

Туман ҳокимлиги томонидан фуқаро Нишонова Ферузага биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига биноан бошланғич бадал тўлови Давлат томонидан тўланган ҳолда уй-жой олиш учун имтиёзли ипотека кредити ажратилиши таклиф қилинган.

Фуқаро Нишонова Ферузанинг давлат томонидан бепул уй-жой берилиши кераклигини билдириб, ушбу таклифни рад этган.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги томонидан туман ҳокимлиги балансида бўлган Жом маҳалласида жойлашган уй-жойлардан ажратиб бериш таклифи билдирилган бўлишига қарамасдан фуқаро Нишонова Феруза ушбу таклифни ҳам рад этган.

Нуробод тумани Гирдиқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаро Нишонова Ферузага Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги № 44-сон қарори бўйича 2019 йил март ойидан сентябрь ойига қадар моддий ёрдам пули тайинланган.

Гирдиқўрғон маҳалласидаги Нишоновлар хонадонини ўрганиш жараёнида фуқаро Ф.Нишонованинг отаси Нишонов Турсунпўлат 2018 йилда вафот этганлиги, марҳумга тегишли уй-жой, чойхона, озиқ-овқат дўкони, “Кобальт” русумли автомашинаси қолганлиги (расмлари илова қилинади) аниқланди.

Фуқаро Нишонова Ферузани қариндошлари билан яраштириб, марҳум отасининг бўш турган уйига киритиб қўйиш мақсадида укаси Н.Нишонов билан суҳбатлашилганда, у опасини бир неча маротаба уйга қайтишини сўраганлигини, лекин опаси келмаганлигини, у билан ҳозирги кунда қариндошчилик ришталари узилганлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни туман ҳокимининг ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси в.б. Г.Махаммадиева фуқаро Нишонова Феруза билан телефон орқали мулоқот қилганда, у Нуробод туманига энди қайтмаслигини айтиб, агар Самарқанд шаҳри марказидан бепул уй-жой ажратилса қайтиши мумкинлигини маълум қилган.

Бугунги кунда Жом маҳалласида жойлашган туман ҳокимлиги балансидаги  бўш турган уй-жойлар мавжуд бўлиб (расмлари илова қилинади), ушбу уй-жойда фуқаро Нишонова Феруза фарзанди билан келиб яшаши мумкинлиги ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги         № 44-сон қарори бўйича моддий ёрдам пули тайинланишини маълум қиламиз.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM