Ҳукуматда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди

Президент 21.10.2019 йилдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди. Тегишли қонун лойиҳаси 3 ой муддатда парламентга киритилади. Шу муддатда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқадилар.

Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
  • давлат тилини ривожлантириш бўйича НҲҲлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
  • илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

2 ой муддатда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш вазифаси топширилди. Шунингдек, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳаларини ишлаб чиқиш лозим. Ҳужжатлар лойиҳалари 2020 йил 1 июнга қадар тайёр бўлиши керак.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM