Тилувзани мақивоппиза?

21 октябрь - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Ўзбек халқ тили – улкан, у Туркистон – Марказий Осиёда катта бир ареални қамраб олган, бугун қирқ миллион, балки кўпроқ одамларнинг она тили. Адабий тил унинг ичида – мисоли давлат ичидаги давлат, бу давлатнинг асоси эса Ўзбекистонимиз, қўшни мамлакатлардаги ўзбеклар, асосан, ўз шева ва лаҳжаларида сўзлашадилар; адабий тилнинг улардаги ривожи кўп жиҳатдан биз ўзбекларга боғлиқ, бизда адабий тил давлат мақомида ҳамда қонун ҳимоясида. Бу тилни асраб-авайлаш, тоза сақлаш, чет тиллар таъсирини бир меъёрга келтириш зарурати бизнинг, кўпроқ қалам аҳлининг зиммасида.

Мақоламиз мавзуи шу мазмунда.

Авом тилининг ривожи асрлар давомида табиий кечди, ўтган аср бошларигача арабий ва форсий тиллар билан доимий мулоқотдан бошқа унчалик таъсирларга учрамаган; адабий тил эса авом тили, қора тил (ҳам улкан, ҳам ишлов берилмаган, ёмби маъносида) чашмаларидан чиқадиган зилоллардан йиғилиб, асрлар мобайнида оҳорланиб, сайқал топган ва бугунги замон талаби билан яна ҳам шева неъматларидан озиқланиб такомилда келаётган наҳрул ҳаёт.

Халқ тилининг насли тоза бўлади, четдан кўп оқова қўшилиб, усти лойқаланса-да, туби тиниқлигича қолади. Оқова лойқаси ҳам вақт ўтиши билан чўкиб, шу туб оқимда тинийди. Лекин кўп қуйилаверса, уни ҳам бўтана қилади, қайта тинитиш учун не-не йиллар, балки асрлар керак бўлади. Йигирманчи аср бошларидан бери тилларнинг аралашув жараёни муқаррар кечаётгани боис, нотоза сувни ичишга кўникиб боряпмиз, тил таъмини билишимиз сусайган. Бу эса тафаккурни тўмтоқлаштиради.

Халқ сарфу наҳв қоидаларини атайлаб ўрганмайди, бунинг унга зарили ҳам йўқ, унинг тили табиий туғма, у тил қоидаларидан махсус дарс олмаган ҳол