Саноат маҳсулотларини харид қилиш бўйича онлайн-майдончалар қандай ишлайди

Электрон кооперация биржаси портали 1 ноябрдан ишга туширилади.

Ҳужжат Президентнинг 1.05.2019 йилдаги ПҚ-4302-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинди, унда саноат кооперациясини янада ривожлантириш, талабгир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш назарда тутилган. Қарордаги чора-тадбирлар жумласида саноат ярмаркаларини мунтазам ўтказиб бориш ва саноат маҳсулотларини етказиб беришга шартномаларни масофадан туриб тузиш учун электрон кооперация биржасини (кейинги ўринларда – Портал) ташкил этиш ҳам бор эди.

Портал 5 октябрга қадар ишлаб чиқилиши ва статистика, божхона, солиқ, сертификатлаш ва молия органлари ахборотлар базаси билан уйғунлаштирилиши лозим.

15 октябргача Порталда қуйидагилар жойлаштирилади:

  • республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг турлари, ҳажмлари ва техник тавсифлари, шунингдек  импорт ва экспорт қилинадиган саноат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • ўзлаштиришга тавсия этилган талаб юқори бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхати.

! 1 ноябрга қадар шартномаларни онлайн тарзда тузиш учун доимий фаолият юритадиган электрон савдо майдончалари тўлиқ ишга туширилади.

Маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ички истеъмолчилар учун тендерларсиз тўғридан-тўғри Портал орқали реализация қилинади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги электрон кооперация биржасида оператор бўлади. У Порталнинг узлуксиз ишлашини, тузиладиган шартномалар реестри шакллантирилиши ва юритилишини таъминлайди.

Буюртмачилар ва етказиб берувчилар кооперация биржасининг иштирокчиси бўлиш учун Порталда ЭРИ ёрдамида рўйхатдан ўтишлари лозим. Бюджет буюртмачилари тизимга давлат харидлари махсус ахборот портали орқали киритилади. Буюртмачилар ва етказиб берувчилар харидларда иштирок этишдан олдин Ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги шахсий ҳисобрақамларига операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олган авансни киритишлари лозим. Аванс миқдори Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан белгиланади.

Етказиб берувчилар Порталга улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида қуйидаги маълумотларни киритади:

  • таклиф этилаётган товарлар номи, сотиш нархи;
  • техник параметрлари, товарнинг фотосурати;
  • товар етказиб бериладиган ҳудуд;
  • кафолат шартлари ва муддати ҳақида маълумот;
  • товарнинг ишлаб чиқарилган йил, яроқлилик муддати ва бошқалар.

 Саноат маҳсулотларини етказиб беришга шартнома ЭРИ воситасида тузилади.

Саноат ярмаркаларига келсак, улар ҳар 3 ойда ўтказиб борилади. Ҳукумат ярмарка ўтказиш жойи тўғрисидаги таклифларни бир ойлик муддат ичида қабул қилади.
 

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM