САЛОМАТЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК КУШАНДАСИ.

САЛОМАТЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК КУШАНДАСИ

Мастура ҳар куни турмуш ўртоғи билан, кам пул топаётганини сабаб қилиб жанжаллашарди. Бу эса оиладаги муҳитни бузилишига олиб келди. Асабий таранглик натижасида ришталарга ҳам дарс кета бошлади. Ҳар куни можаро, уруш-жанжал ажрашишга олиб келди. Айни ўғли балоғат ёшига етганда ота-онанинг ажрашиши, тарбияга таъсир қилмай қолмайди.

Хуллас Мастура боши очиқ аёлга айланди. Энди оилани боқиш унинг гарданида.  Иш излаб бормаган жойи қолмади. Тонг отгандан, қоронғу кечгача кўчада сарсон. Уни кузатиб юрган қўшни қишлоқда  яшовчи  Анвар ака унга иш таклиф қилди.

Биз юклаб берган молларни шундоқ Қозоғистон чегарасидан ўтказиб берасан, лекин молимизни очиб кўрмайсан, уни нима экан деб қизиқма, шунчаки ўтказиб бер ва ҳақингни ол. Сенга ҳар бир ўтказилган мол учун 300 АҚШ долларидан тўлаймиз. Ишни қойиллатиб бажарсанг яна қўшиб берамиз,-деди.

Оилавий аҳволи анча танг бўлиб қолгани учун, гап нима ҳақида кетаётганини сезса ҳам  бу ишга розилик билдирди. Мастура ҳар гал чегарадан молларни муаммосиз ўтказиб берар, ортиғи билан ўз ҳаққига эга бўларди. Оғуфурушлар билан ҳамкорликда анча маблағ тўплади, лекин, ўғлининг тарбиясига эътибор бермай қўйди. Бола  онасидан кўп миқдорда пул сўрар, бермаса жанжал қилиб тортиб оларди. Ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларини йўқотди. “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган иборани кексаларимиз тилидан кўп эшитаман. Маъносини энди англаб этаяпман, аслида дунёда инсоннинг душмани энг биринчи ўзи бўларкан.

Оғуфурушларнинг оғирини енгил қилиб ғаразли ишларига шерик бўлган онанинг фарзанди, уларнинг қўғирчоғига айланиб  қолди. Маълум бўлишича фарзандини “оқ ажал” ўз домига тортиб бўлганди.  “Сабрнинг таги сариқ олтин” деган ҳикматли сўз замирида маъно  кўп. Агар бу аёл турмуш ўртоғининг топганига шукр қилганда эди, ўспирин фарзандининг умри завол бўлмасди. Ўзини ҳар хил йўлларда синаб кўраётган инсонлар, ўзлари қазиётган чоҳга, ўзлари тушишини англаб етганда, бу каби хунук воқеалар юз бермасди.

Юқорида кўрсатилганидек, гиёҳвандлик жамиятнинг, оиланинг, инсониятнинг, осойишталикнинг, сиҳат-саломатликнинг кушандаси. У XXI-аср вабоси бўлиб, бугун жаҳон миқёсида тарқалган. Инсон саломатлигига таъсир қилиб, умрини кемириб, ўлимга маҳкум этаётган иллатдир. 15-40 ёшгача бўлганлар, яъни, куч-қувватга тўлган ёшлар бу оғу исканжасига илиниб, ҳаётда адашиб қолмоқда. Бундай кишилар хасталикка чалиниб, оиласига, жамиятга моддий, маънавий зарар келтиради.

Гиёҳ- бу шундай моддаки, уни бир марта қабул қилганда руҳий ҳолатни кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Агар киши тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва оғусиз (наша, марихуана, гашиш, кўкнори, героин, қорадори, кокаин ) яшай олмайди. Гиёҳвандликка чалинган инсонларда, ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар йўқолади. Касаллик ривожлангандан кейин, жамоат жойларда тартиб-интизом, қонун-қоидаларга риоя қилмасдан, атрофидагиларнинг соғлиғига зиён келтиради.

Гиёҳвандлик дунё миқёсида XX-асрдан XXI-асрга ўтган сарқит иллат, фожиа бўлиб, нафақат шахсни, балки бутун мамлакатни, оилани жар ёқасига олиб боради. 70-фоизга яқин қотиллик, безорилик  гиёҳвандлар томонидан содир этилаётгани маълум.

Ёшларни бу аҳволга тушиб қолишига ким айбдор? Оғу сотувчилар дейсизми, янглишасиз ўзимиз айбдормиз. Эътиборсизлигимиз, бефарқлигимиз оқибатида фарзандларимиз гиёҳвандликка ружу қўймоқда. Ота-оналар болаларни назоратсиз қолдириши, оилавий низолар, болаларни керагидан ортиқ таъминлаш ҳам сабаб бўлади. Маърифий ва маънавий дунёқарашини бойитиш, соғлом муҳитда тарбиялаш ва эътиқодини мустаҳкамлаш орқали яқинларимизни “оқ ажал” балосидан асраймиз.

Барот Жўраев туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM