Наврўз байрами

 

Ассалому алайкум !

Азиз Нурободликлар!

Қадрли байрам қатнашчилари!

Юртимизнинг ҳамма байрамлари ҳам биз учун бирдай азиз ва қадрлидир. Аммо бугун Сизлар билан биргаликда кутиб олаётганимиз – “Наврўз” байрами ўзининг қадимийлиги, халқимизнинг азалий анъаналари, урф-одатларини ўзида тўла-тўкис мужассам этганлиги билан чуқур фалсафий мазмун-моҳият касб этади.

“Наврўз” энг аввало меҳр-мурувват, ҳайру саҳоват байрами бўлиб, бу кунларда хонадонларимиз файзу қувончи бўлган нуронийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, беморлар ва кўмакка муҳтож кишиларга беминнат ёрдам бериш каби эзгу юмушлар бажарилади.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари ва фидойилиги туфайли маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган “Наврўз”га янгидан ҳаёт бахш этилди.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, шарқона янги йил рамзи бўлмиш “Наврўз” одамлар қалбида эзгу туйғулар уйғотиб, уларга умид ва ишонч, шукроналик туйғуларини бағишлайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркагу аёл, ёшу қари - барча юртдошларимизнинг энг ардоқли, катта хурсандчилик билан ўтказадиган севимли байрамидир.

Ҳар қандай мерос асл қадр-қимматини топганда, боқий қадриятга айланади. Миллий қадриятларимизни, маданий-маърифий меросимизни авайлаб асраш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда номоддий меросга муносабат тубдан ўзгарган.

Мисол учун “Алпомиш” достони, қадимий шаҳарларимиз юбилейларининг халқаро миқёсда нишонланиши, “Наврўз”, катта ашула, аския каби қадриятларимизнинг ЮНЕСКО томонидан номоддий мерос дурдоналари сифатида рўйхатга олиниши бу юртимизда маданий соҳага бўлган эътиборнинг юксак даражада эканидан далолатдир.

Ҳурматли байрам қатнашчилари!

Ота-боболаримиз азал-азалдан “Наврўз”ни йил боши сифатида дала-деҳқончилик ишларининг бошланиши, деб ҳисоблаганлар ва мана шу айёмни нишонлаш билан биргаликда яхши ниятлар ила ерга уруғ қадаганлар. Албатта, биз ҳам аждодларимизнинг бу эзгу ишларини садоқат билан давом эттирган ҳолда саҳоватли заминимизга барака уруғларини қадаш арафасида турибмиз.

Дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаётган уста   деҳқонларимиз, фидойи фермерларимизнинг кўтаринки pyҳ ва азму шижоат билан бошланаётган деҳқончилик ишларига барака тилаймиз.

Бу йилги қиш мавсумининг нисбатан серёғин келгани ва баҳор фаслининг ҳам ёмғирлар билан бошланаётгани, кузда эккан экинларимизнинг кўкка бўй чўзаётгани барчамизни қувонтириши табиий.

Наврўзи оламни мана шундай шукроналик ва хурсандчилик билан кутиб олаётганимиз-буларнинг барчаси 2019 йилда олдимизга қўйган юксак марра ва мақсадларга эришиш ишончини янада мустаҳкамлайди.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили" деб номланиши ва бу йилда амалга оширилиши режалаштирилган улкан ишлар ўз навбатида барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

Йил моҳиятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган Давлат дастурини амалга ошириш учун олдимизга қўйилган долзарб вазифаларнинг аҳамияти ва кўлами нақадар кенг эканлигидан далолатдир.

Дастурда фаол инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инновацион ғояларни жорий этиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларимизнинг турмуш даражасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар манфаатини ҳимоя қилиш, уларга моддий ва маънавий кўмаклашиш энг муҳим йўналиш сифатида белгиланган.

Ҳурматли дўстлар!

Жорий йилда “Обод қишлоқ” Дастурига асосан туманимизнинг Улус, Халқобод, Наврўз маҳаллаларида амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари халқимизнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади.

Жумладан, тумандаги Олға ва Ўртабўз маҳаллаларида янигидан бунёд этилаётган ҳар бирининг лойиҳа қиймати 7 млрд. сўм бўлган мактабгача таълим муассасалари яқин кунларда фойдаланишга топширилади.   

Шунингдек, бугунги кунда тумандаги барча соҳаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари қаторида йўл-қурилиш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ичимлик суви тармоқларини тортиш, боғдорчилик ва ишлаб чиқариш объектларининг барпо этилаётганлигидан барчангиз хабардорсиз.

Албатта, кўпни кўрган отахон ва онахонларимизнинг тинч-осойишта ва тўкин-сочин ҳаётимиздан мамнунликлари биз учун ғоят қадрлидир. Айниқса, бугунги кунда барчамизнинг доимий эъзозимиз ва эътиборимизда бўлган дуогуй отахон ва онахонларимизнинг шу кунларда юртимизнинг тинчлиги ва ободлигини тилаб чин дилдан қилаётган самимий дуолари албатта ижобат бўлгай.

Дарҳақиқат, бошларидан оғир қийинчиликларни ўтказган отахону онахонларимиз мустақиллигимиз берган улкан имкониятлар сабабли бахтли ҳаёт кечиришмоқда ва ўзларига яратилган имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланишмоқда. Биргина туманимиздан ҳозирга қадар 300 нафардан зиёд фуқароларимиз муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларига бориб келишгани фикримизнинг исботидир.

Биз доимо суянадиган, маслаҳатчи ва елкадош бўлган, хонадонларимизнинг файзу баракаси ҳисобланмиш нуронийларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ёшларимизни миллий маънавиятимизга садоқатли қилиб тарбиялашда беқиёс ўрин тутади.

Қадрли тантана қатнашчилари!

        Бугун йил бошида туриб, барча эзгу тилаклар ижобат бўладиган кунларда аввало режалаштирилган ишларимизнинг бекаму кўст бажарилиши учун деҳқонларимиз ва чорвадорларимизга, қурувчиларимизга, зиёлиларимизга, хуллас бутун туман аҳлига куч-қувват тилайлик.

        Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, эъзозлаб, доимо дуода бўлган нуроний отахону-онахонларимизга, шижоатли ёшларимизга узоқ умр тилайлик.

        Қадрли байрам иштирокчилари!

        Бугун мазкур тадбирда туманимизнинг барча ҳудудларидан турли касб эгалари ташриф буюрганликларини инобатга олиб, Сизнинг тимсолингизда бутун туманимиз халқини “Наврўз” байрами билан самимий табриклашга рухсат бергайсизлар.

        Хонадонларимиздан файзу барака аримасин!

        Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

       

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM