Нурободда лейтенант Сайёр Садинов шарафига бюст ўрнатилди

Бугун Нуробод тумани “Гирдиқўрғон” маҳалласида хизмат бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган Сайёр Садинов шарафига бюст ўрнатилди.

 

Қаҳрамон туғилиб ўсган қишлоқда ташкил этилган тадбирда Мудофаа вазирининг ўринбосари Қ.Турсунов, туман ҳокими С.Бердиқулов, марҳумнинг яқинлари, хизматдошлари, курсантлар, фуқаролар ва ҳудуд ёшлари иштирок этишди.

 

Бюстнинг очилишида қаҳрамоннинг ёшлиги, ўсмирлиги, унинг орзу ва интилишлари, кўрсатган жасорати билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.

 

Сайёр Садинов 1976 йилда Нуробод тумани Жом қишлоғида туғилган. 1999 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тугатган.

 

2000 йилда мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларига сиқилиб кирган халқаро террорчи, жангари тўдаларини қидириш ва уларни йўқ қилиш ишларини олиб бораётган вақтида мустақиллигимиз ҳимояси, ҳамюртларимиз тинчлиги йўлида кўксини қалқон қилиб, ҳалок бўлади.

 

Лейтенант Сайёр Садинов бюсти ўсиб келаётган навқирон авлод вакиллари учун Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги қаҳрамонлик, мардлик ва жасурлик намунаси бўлиб қолади.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM