Жанубий кон бошқармасининг кўп сонли ишчиларига махсус кийимларни нурободликлар етказиб бераётгани ростми?

Нуробод туманида 2009 йилдан иш бошлаган Жанубий кон бошқармасига қарашли махсус кийимлар тикиш цехида бугун давлат буюртмаси ҳамда ички бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда 80 дан ортиқ турдаги турли кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўтган йил мазкур цех ва унинг бўлимларида қиймати 6 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 2 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 4 миллиард сўм ускуналар сотиб олиш ва жиҳозлашга сарфланди.

Хитой технологияси асосида тайёрланган маҳсулотлар Жанубий кон бошқармаси таркибидаги корхоналарга етказилади. Корхонада даставвал махсус кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти кўмаги билан 2020 йилда техник қайта жиҳозлаш дастурига асосан цехга янги тикув ускуналари, каштачилик ва тикув машиналари олиб келиниб, ички кийимлар, чойшаблар, қишки ва ёзги жилетлар, изоляция қилинган кўрткалар ҳамда шимлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Йилига 80 минг донадан зиёд турли бичимдаги кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада тайёрланган сифатли ва хушбичим маҳсулотлар сифати истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.

- 170 та замонавий тикув машинасида 322 нафар хотин-қиз ва йигитлар доимий иш ўрни билан банд, - дейди цех раҳбари Елена Изместьева. - Бошқарма таркибидаги корхоналарга махсус кийимлар тикяпмиз. Айни пайтда буюртмачилар учун 7 минг дона тайёр маҳсулот тайёрлаш бўйича иш олиб боряпмиз. Навоий кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида хотин-қизларнинг қисқа курсларда ўқувини ташкил этганмиз. Бунинг натижасида нурободлик хотин-қизлар замонавий тикув машиналарини моҳирлик билан бошқармоқда.

- 12 йилдирки, шу цехда ишлайман, - дейди Дилором Эргашева. – Асосан дазмоллаш, чок очиш каби ишлар билан шуғулланаман. 3 миллион сўмдан ортиқ ойлик оламан. Меҳнат малакам ошиб боргани сари иш ҳақим ҳам кўтарилади. Асосийси, бекорчи эмасман, ишлаб оиламга нафим тегяпти.

Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан цехда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш, бунинг эвазига ички ва ташқи бозорни сифатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлаш имконини бермоқда.

Ғуломиддин Хўжанов,

“НКМК жамғармаси” давлат муассасаси “Нуробод” ҳудудий бошқармаси директори ўринбосари.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM