101 ёшида рўзасини бузмаган бобо

Пирназар бобо уруш фахрийси сифатида Республикамиз Президентининг фармонида назарда тутилган тиббий кўрикдан ўтиш ва саломатлигини тиклаш учун Навоий вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизилди.  «Қизим, уколларингни кечки ифторликдан сўнг қиласан, рўзамни бузмай, хўпми!?. Мен сени дуо қиламан», деб ҳамширани кўндирди. Бобо бугун уйда, насиб этса 20 май куни 102 ёшига қадам қўяди. Ўзининг айтишича, аслида ёши бундан-да улуғроқ, фронтга жўнаши олдидан ҳарбий комиссариатдаги ўрис зобитга буни исботлаб ҳам берган. -Соғ омон қайтиб кел, мен сенга 19 йил эмас, 15 йил қилиб бераман, деб кўнмади,-дея хотирлайди Пирназар Турдиев.-Шу билан станцияга(ҳозирги «Навоий» темир йўл бекати) қараб пиёда йўлга тушдик. У пайтлар «Қосим шайх» мақбарасидан нариси яланглик, станциягача янтоқзор эди. Станциядан поездга ўтқиздию фронтга олиб кетди.Пирназар бобонинг ҳарбий хизмати олти йил-1947 йилгача давом этади. Шундан сўнгги икки йили Болтиқбўйида -«ўрмондаги қардошлар» билан жангда кечган. Бир сўз билан айтганда, хизмат роса олти йил қиличнинг дамида ўтади. Бу оралиқда тўрт марта яраланиб, уйига икки марта қорахат келади. Сўнгги яраланиш(Болтиқбўйи)да кўп қон йўқотиб, ҳарбий хизматдан бўшатилади.-Хизматдан қайтиб, қирқ йил хўжаликда темирчилик қилдим, - дейди П. Турдиев.-Кундузи устахонада, кечаси алламаҳалгача мана шу уйни қуришда ишлайман.Пирназар бобо тўла қайта таъмирланиб, айни пайтда пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилаётган уйга ишора қилади. (Таъмирлаш ишлари ҳокимлик томонидан амалга оширилмоқда.)-Ёш эканман, ўзимни аямай ишладим, - давом этади Пирназар бобо.-Бугун мана буларнинг қилаётган ишига ичим қисилиб кетади. Кетмонни тиззасидан баланд кўтармайди. Қулочкашлаб урмайсанми, дейман, ер титрасин!Пирназар Турдиев зиёратга келган тумандаги 15-умумтаълим мактаби ўқувчиларига шу йилги деҳқончилигини кўрсатади. Мақтаниш учун эмас, шунчаки, уларнинг узоқ умр кўришнинг сири нимада, деган саволига жавобан.Чиндан ҳам Пирназар бобо билан қўл бериб саломлашган киши қўлларидаги қадоқ дарров ҳис этади. Меҳнатга, яратувчанликка боғланган кўнгил эса риё ва ғирромликдан йироқ бўлади. Узоқ умрнинг муҳим сирларидан бири шу, дейди отахон.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM