Нуробод туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

Нуробод туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг “Самарқанд вилояти 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил учун Нуробод тумани  бюджетини қабул қилиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг VI-чақириқ 16-сессияси

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

         1. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг “Самарқанд вилояти 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Нуробод тумани бюджетига Самарқанд вилояти бюджетидан ажратилган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 65 044 723,0 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги;

         Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

         2. Туман бюджетининг айланма касса маблағи 1 149 475,0 минг сўм миқдорда белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

         3. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши қарорига асосан 2021 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

- жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

- жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;

- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

- қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;

- юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

- якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ  реализация қилишдаги акциз солиғи;

- айланмадан солиқ;

- қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар;

- айрим товарларнинг чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғим;

- қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);

- автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар.

б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда туман маҳаллий бюджети ўртасида тақсимланади:

- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) 50 фоиз миқдорда туман бюджетига;

- фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) 50 фоиз миқдорида туман бюджетига;

- мобил алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра туман аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин.

4. 2021 йил учун туман бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Туман бюджетидан 2021 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари    2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. 2021 йил учун маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар учун ер солиғи ставкасига чегаравий камайтирувчи ва оширувчи коэффицентлар 3 ва 4 иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

7. 2021 йил учун туман бюджети захира жамғармаси ҳажми
1 172 288,0 минг сўм миқдорида белгилансин.

8. Туман ҳокимлиги:

-ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида молиявий ҳисоботларни ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;

-бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун туман Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин.

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия (C.Cуяров) ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Р.Ибрагимов) зиммаларига юклатилсин.

 

Туман Кенгаши раиси                                                       Ф.Заиров

2015-2023 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM