Туманда янги “Иттифоқ” номли маҳалла фуқаролар йиғинини ташкил қилиш ҳамда унинг Низомини рўйхатга олиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сонли "Шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорининг туманда ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 28 февралдаги 02-08-1369-сонли хатининг иловаси билан тасдиқланган "Географик объектга ном бериш ёки уни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақида"ги эксперт хулосасига асосан халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2020 йил 28 февралдаги 02-08-1369-сонли хатининг иловаси билан тасдиқланган "Географик объектга ном бериш ёки уни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақида"ги эксперт хулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Нуробод тумани Чорвадор маҳалла фуқаролар йиғинидаги Тошқудуқ қишлоғини ва Қиличли маҳалла фуқаролар йиғинидаги Мусоқоқ қишлоқлари ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 500 (беш) юздан ортиқ оила аъзоларининг талаб ва истакларини инобатга олиб ҳамда Чорвадор ва Қиличли маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллар йиғилиши қарорини ўрганиб чиқиб, янги "Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилсин ҳамда унинг Низоми рўйхатга олинсин.
3. Янги ташкил қилинган маҳалла фуқаролари йиғинига муҳр ва штамплар олишга рухсат бериш туман ички ишлар бўлими (А.Очилов)дан сўралсин.
4. "Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг Халқ банки туман филиалида тегишли ҳисоб рақамларининг очилиши белгилаб қўйилсин.
5. Туман ҳокимлиги молия бўлими мудири (О.Абдусаламов)га янги ташкил этилган "Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳаражатлар сметасини шакллантириш вазифаси юклатилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (А.Зиятов) ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи (Т.Хушмуратов)лар зиммаларига юклатилсин.
Туман Кенгаши раиси Ф.Заиров