Нурободда 18 минг тонна дағал хашак, 5 минг тоннадан зиёд озуқа жамғарилди

Доно халқимиз деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда деб бежиз айтишмаган. Ҳақиқатдан, аҳолини сифатли ҳамда арзон гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга бел боғлаган чорвадорлар қишда ҳам тиниб-тинчишмайди. Кунни-тунга улаб, отари кетидан юрган чўпон чўлиқлар фаолияти бунга ёрқин мисолдир.

  Айни кунларда вилоятнинг Нуробод туманидаги чорвадорлар ҳар қачонгидан ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишмоқда. Асосий эътибор, қишловни беталофат ўтказишга қаратилган. Қоракўлчиликка ихтисослашган  6 та масъулияти чекланган жамият ҳамда  94 та  чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан 194 минг гектар яйловда 114 минг 655 бош  қўйлар парваришланмоқда.

  Майда шохли молларни қишловдан беталофат олиб чиқиш, қўзилатиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишмақсадида қарийиб 18 минг тонна дағал хашак, 5 минг 732 тонна кучли озуқа жамғарилган.

  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Нуробод туман бўлими томонидан мавжуд отарларда қишловга тайёргарлик тадбирлари мониторинг-таҳлил тарзида ўрганилмоқда. Ҳар бир отарда яратилган шароитлар, ечимини кутаётган муаммолар таҳлил этилиб, улар ўз вақтида ва сифатли ижро этилмоқда.

Амалга оширилган назорат тадбирлари самараси ўлароқ, чўпон уйларининг барчасига иситиш печлари ўрнатилиб, кўмир ва ўтин заҳираси шакллантирилди. Чўпонлар қўл фонари, иссиқ кийим-бош ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Белгиланган жадвал асосида чўпон уйларига маҳсус жиҳозланган автомашиналар орқали ичимлик суви келтирилмоқда.

  Шунингдек, 2021  йили туман чорвадорлари ҳар 100 бош қўйдан70 та соғлом қўзи олишни режалаштиришган. Мавжуд 6 та масъулияти чекланган жамият отарларида боқилаётган 91 минг 517 бош қоракўл қўйларидан наслдор қўзи олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан наслли қўчқорлар келтирилди.

  Бир сўз билан айтганда, Нурободлик  чорвадорлар қишловни беталофат ўтказиб, миллий бойлигимиз қоракўлча териларни экспортга чиқариш учун астойдил меҳнат қилишаяпти.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM