Аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат

Бугунги кунда рўй бераётган глобал ўзгаришлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш  борасидаги муаммоларнинг тобора  чуқурлашиб  бориши маҳаллий давлат  ҳокимияти вакиллик органларининг олдига янгидан янги вазифаларни қўймоқда.

2018 йил 8 январда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 7 боб, 88 моддадан иборат бўлиб, қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Қонуннинг 5-моддасига кўра Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилар ташкил қилади: қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши, тенг ҳуқуқлилик, ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлигини текшириш.

Ушбу моддада Маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси конститутциясига ушбу Қонун ва бошқа ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши, Маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги, Маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилиниши, Маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шартлиги, зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғиши каби маъмурий органлар билан муносабатларда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қоидалар назарда тутилган.

Шу билан бирга қонунининг 31-моддасида Маъмурий иш юритишда иштирок этиш имкониятини истисно қилувчи ҳолатлар белгиланган бўлиб унга кўра Маъмурий органнинг мансабдор шахси маъмурий орган номидан маъмурий иш юритишда иштирок этишга қуйидаги ҳолларда ҳақли эмас, агар у: мазкур маъмурий иш юритишда манфаатдор шахс бўлса, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бири билан қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик муносабатида бўлса (бўлган бўлса), маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бирининг вакили бўлса ёки илгари унинг вакили сифатида айни шу маъмурий иш юритишда иштирок этган бўлса, мазкур маъмурий ишни юритишда маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашувчи шахс сифатида иштирок этаётган бўлса ёки илгари иштирок этган бўлса, бошқача тарзда шахсан, бевосита ёки билвосита маъмурий ишни ҳал этиш натижасидан манфаатдор бўлса ёки унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса ва ҳоказолар назарда тутилган. Ушбу моддада Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар ҳуқуқининг кафолатланиши ва очиқ ошкоралик тамойили асосида иш юритиш тартиби назарда тутилганлигини кўришимиз мумкин. Демакратик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлидан борар эканмиз шу ўринда мухтарам президентимизнинг қуйидаги сўзлари бизни яна ҳам ўз устимизда ишлаб халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга ундайди, “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”!.

 

Жасур ШЕРОВ,

Туман ҳокимлиги бош юрисконсульти

 

2015-2020 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM