COVID-19: «Супер касаллик ташувчилар» кимлар?

Айни пайтда Covid-19 пандемияси жаҳон бўйлаб кенг тарқалиб, дунё ҳамжамиятининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, айниқса, одамлар саломатлигига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Глобал пандемиянинг иккинчи тўлқини, хусусан, Марказий Осиё давлатларида ҳам тобора авж олиб бораётгани барчамизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга чорламоқда. Таассуфки, коронавирус эпидемиясига нафақат биз, балки жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари ҳам тайёр эмаслиги, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳаларда жиддий муаммолар мавжудлиги аён бўлиб қолди. Бундай шароитда, биринчи навбатда, тиббиёт соҳаси катта босим остида қолиб, вирус юқтирган беморларга кенг қамровли ва шошилинч тиббий хизмат кўрсатишга ожизлик қилмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини сақлаш, вирус тарқалишини олдини олиш ва унга чалинганларга тезкор, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда карантин тартиби ва чекловлари жорий йилнинг 10 июлидан 1 августига қадар қайтадан кучайтирилди. Бундан кўзланган энг асосий мақсадлардан бири бу – аҳолини вирусдан ҳимоя қилиш ва инфекция тарқалиш занжирини узишдан иборатдир. Чунки коронавирусга қарши вакцина ёки унинг давоси топилмаган шароитда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усули карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя қилиш эканлигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эътироф этганидек, бугунгача эришилган тажрибалар яққол кўрсатмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи изоляция қилиши ва ўзаро ижтимоий масофани сақлаши орқали вирус тарқалиши йўлларини чеклаш, беморларни аниқлаш ва эпидемия ўчоқларининг кенгайишига йўл қўймаслик бўйича фаол чоралар кўрилмоқда.

Қайд этиш жоизки, карантин чекловларини қайта жорий қилинишига бир қатор омиллар сабаб бўлди. Жумладан, Республика махсус комиссиясининг маълум қилишича, аввалги карантин қоидалари қисман юмшатилиши биланоқ кўпчилик энг енгил талабларга ҳам риоя қилишни тўхтатиб, оммавий тадбирлар, хусусан, тўйлар ва бошқа маросимларни тиббиёт ниқобларисиз ижтимоий масофа сақламаган ҳолда белгиланган кўрсатмаларга қарамай ўтказишга киришди. Натижада, аксарият ҳолатларда, одамларнинг бепарволиги ёки эҳтиётсизлиги сабабли мамлакатимизда июль ойининг биринчи ҳафтасида коронавирусга чалинган беморлар сони 2167 нафарга кўпайиб, шундан 58 фоиз ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Аввалги қаттиқ карантин даврида 16 мартдан 10 майгача касалланиш ҳолатлари сони 2 418 тани ташкил этган бўлса, карантин чоралари юмшаганидан сўнг 10 майдан 9 июлгача бўлган даврда бу кўрсаткич кескин ошиб, 9 029 тага етди. Сўнгги кунларда эса, кунлик антирекорд яна янгиланиб, 13 июлда Ўзбекистонда 594 кишида коронавирус қайд этилиб, улардан 322 нафари аҳоли орасида аниқланган. Энг ачинарлиси, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. 17 июль ҳолатига кўра, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган шахслар сони 15 минг нафардан ошиб, ўлим ҳолати эса 75 кишини ташкил этмоқда.

Агар жаҳон тажрибасига назар солсак, карантин қоидаларига риоя қилмай тартиб-таомилларни бузганлик учун кўплаб мамлакатларда қаттиқ жазо чоралари қўлланмоқда. Масалан, Америка Қўшма Штатларида, агар бир киши мажбурий изоляцияни бузган ва бошқаларга юқтирган бўлса, унга 100 минг доллар жарима ёки 1 йилга қамоқ жазоси берилиши мумкин. Испанияда уйини узрли сабабларсиз тарк этганлик учун карантин даврида жарималар миқдори 600 дан 10,4 минг еврогача миқдорда белгиланган. Францийада карантин қоидаларига мунтазам равишда амал қилмаслик 6 ойгача ҳибсга олиниш ва 3700 евро жаримага тортилиш билан жазоланади. Ўзбекистонда карантин режимининг қайта кучайтирилиши, кўпчилик тасаввур қилганидек, тўлиқ блоклаш эмас, балки асосан хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳалари, яъни одамларнинг оммавий тўпланиши билан боғлиқ бўлган тармоқларга тегишли бўлди. Карантин режимини кучайтиришнинг ушбу зарурий чоралари вирус тарқалишини секинлаштиришга ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, Республика махсус комиссияси маълумотига кўра, июль ойининг биринчи ҳафтасига келиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келди.

Мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати янги COVID-19га чалинган беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслиги ҳамда қатъий карантин чораларини қўлламаслик – коронавирусга чалинганларни стационар даволаш учун касалхоналарда жой қолмаслиги ва улар билан ишлаш учун шифокор ва тиббий ходимларнинг етишмаслигига олиб келиши мумкинлиги, шунинг учун, жорий карантин чоралари натижасидаги танаффус – соғлиқни сақлаш муассасалари, шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган босимни юмшатиш ва август ойида мамлакат иқтисодиётини тиклашда давом этиш учун зарур эканлиги билдирилди.

Республика махсус комиссияси расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этиб, ҳақиқий ҳолат бошқа мамлакатлардаги каби бир неча баробар фарқли бўлиши мумкинлиги ҳамда симптомсиз беморларнинг аниқ сонини эса, ҳисобга олишнинг имкони йўқлигини эслатиб ўтди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, симптомсиз беморлар билан боғлиқ ҳолат туфайли вирусни назоратга олдик, деб эълон қилган давлатларда (Цингапур) коронавируснинг иккинчи тўлқини авж олгани ҳамда эпидемиологик ҳолат яна кескин ёмонлашганига гувоҳ бўлдик.

Айрим тадқиқот натижаларига қараганда, коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини авж олишига Covid-19нинг симптомсиз тарқатувчилари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яъни, сўнгги кунлардаги касалланганлар сонини кескин ўсишида, фақат битта омилни кўрсатиш ёки фақат давлатлар соғлиқни сақлаш тизимларини айблаш нотўғри. Бунга, биринчидан, Covid-19 нинг ўзига хос симптомсиз кўринишининг хусусияти, иккинчидан, унинг юқиш ёки тарқалиш жараёнлари тўғрисида фанда ишонарли далилларнинг ҳали тўлиқ кашф қилинмагани сабаб бўлмоқда.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, коронавирусга чалинганларнинг деярли 50 фоизга яқинига вирус «симптомсиз ташувчилар» томонидан юқтирилган бўлиши мумкин. АҚШлик доктор Рон Елфенбеин касаллик аломати бўлмаган беморлар энг ашаддий вирус ташувчилар бўлиб, аҳоли орасида коронавирус авж олишига улар сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Докторнинг фикрича, симптомсиз беморлар «супер касаллик ташувчилар» ҳисобланишади.

Англиянинг Ирлам институти (Earlham Institute) профессори Нил Холл кўрилаётган чораларга қарамасдан, глобал пандемиянинг кучайиб бораётгани симптомсиз тарқатувчилар билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Сабаби, «супер касаллик ташувчилар» Covid-19ни юқтиришганини ўзлари ҳам билмай, касаллик аломатларисиз аҳоли орасида вирусни тарқатиб юришлари мумкин. Бундай ҳолат жорий йил бошидан буён тажрибада ҳам учраган. Жумладан, «симптомсиз ташувчилар» ва беморлар Япония соҳилларидан сузишга чиққан «Малика Даймонд» круиз кемасида бўлганларда аниқланган. Текширув натижаларига кўра, вирусга чалинганларнинг тўртдан уч қисми симптомсиз беморлар бўлган. Хитойда ўтказилган тадқиқотда эса, симптомсиз беморларнинг сони симптоми кўринган инсонларга нисбатан анча кўпни ташкил этган.

Оксфорд университети профессори Карл Хенеганнинг хулосасига кўра, агар коронавирусга таҳлиллар Буюк Британияда бўлганидек, фақат касаллик белгилари аниқ кўриниб турган беморлардангина олинса, кўплаб ҳолатлар кўздан қочирилиши мумкин. Профессорнинг фикрича, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва назоратнинг бир қисми сифатида аломатсиз тарқатувчиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Яна бир эътиборли жиҳат шундан иборатки, Европа Иттифоқи кузда грипп ва COVID-19 эпидемиясининг янги тўлқини бир вақтда авж олишининг олдини олиш мақсадида аъзо давлатларга аҳолини гриппга қарши оммавий эмлашга чақирмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда ҳам куз-қиш мавсуми яқинлашиши билан аҳоли орасида, айниқса, ёш болаларнинг тез-тез шамоллаб, иситмалаш ҳолатлари сезиларли даражада кўпаяди. Бу, ўз навбатида, тиббиёт муассасаларига янада кўпроқ беморларнинг мурожаатларига ва бутун соғлиқни сақлаш тизимининг эса қўшимча босимга тайёр туришини талаб этади. Шунинг учун ҳам жорий карантин чораларига қатъий амал қилиб, куз мавсумига қадар вазиятни тўлиқ назоратга олиш ўта муҳим аҳамиятга эга.

Кўриниб турибдики, бундай шароитда фуқароларнинг соғлом ёки бетоб бўлишидан қатъий назар, карантин тартибларига риоя қилишлари, тиббиёт ниқобларини тўғри тақишлари, шахсий гигиена ва санитарияга амал қилишлари, ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда бошқаларни ҳам асраш мақсадида ўзини ўзи изоляция қилишлари вирусни тарқалишини олдини олиш ва тўхтатишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ҳолат фуқаролардан коронавирус пандемиясига бепарволик ва ишончсизлик билан қарамаслик, турли миш-мишларга ишониб қолмасликни талаб этади. Чунки, бугунга келиб, коронавирус дунё бўйлаб минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаётига нисбатан бефарқ бўлмаслик ҳозирги вазиятда жуда муҳим.

Фаррух ХАКИМОВ,

«Тараққиёт стратегияси» Маркази лойиҳалар координатори

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM