Тойлоқ, Пайариқ, Нуробод, Каттақўрғон ва Жомбойда 192 та кўчма савдо ярмаркалари ташкил қилинди

Жорий йил 10 июлдан 1 августга қадар Республикамизда бир қатор карантин чекловлари жорий этилди. Мазкур жараёнда нафси ҳакалак отган кимсалар томонидан истеъмол бозорида нархлар сунъий равишда оширилиши кузатилиши мумкин.

Вилоятда пандемия шароитида дори-дармон ва тиббий буюмлар танқислигининг олдини олиш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида 327 та дорихонада кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилди.

Бундан ташқари, аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар кучайтирилди.

Хусусан, вилоятдаги 42 да деҳқон бозорларининг ҳар бирига ходимлар бириктирилиб, нархлар барқарорлигини таъминлаш, нархларни сунъий ошириш (ажиотаж)ларнинг олдини олиш ва санитария-гигиена ҳамда карантин қоидаларига риоя қилиниши назоратга олинди.

Бозорларда нархлар сунъий ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида “Даладан-дастурхонга” тамойили асосида ишлар ташкил қилинди. Натижада 122 фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда 248 томорқа ер эгаларига ўзлари етиштирган маҳсулотларини сотишлари учун бозорларда жой ажратилиб, зарур шароит яратиб берилди.

Ўтган бир ҳафта давомида вилоят деҳқон бозорларида 21 турдаги 6236,9 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари харидорларга сифатли ва ҳамёнбоп нархларда етказиб берилиши таъминланди.

Деҳқон бозорлари карантинга ёпилган Тойлоқ, Пайариқ, Нуробод, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида 192 та кўчма савдо ярмаркалар фаолияти ташкил қилиниб, 2036 тонна қишлоқ хўжалик ва биринчи эҳтиёждаги маҳсулотларни етказиб берилиши таъминланди.

Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM