Ўзини ўзи иш билан таъминлаган даромад солиғи тўламайди

Агар сиз ўзингизни ўзингиз банд қилиб, расмий рўйхатдан ўтсангиз даромад солиғидан озод бўласиз.

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 67 тага етди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарорига асосан ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун фаолият турлари 24 та этиб белгиланган эди. Эндиликда улар сони 43 тага кўпайди. Энг муҳими, Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.

Мазкур қарор билан 2020 йил 1 июлдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан рўйхатга олиш учун “Soliq” махсус мобил иловаси ишга туширилди. Ушбу муддатдан ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида ўзини ўзи банд қилган аҳоли сони 1300 нафарга етди. Аниқроғи, “Soliq” мобил иловаси орқали расмий рўйхатдан ўтиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда.

 

– Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан биз каби вақтинча ишсиз аҳоли учун қулайлик яратилганидан мамнунмиз, – дейди Маърифат Алиқулова. – Эндиликда солиқ органларини хабардор қилиб, давлат рўйхатидан ўтиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланишни бошладим. Энг муҳими, оиламиз даромадига ҳисса қўшаяпман. Ўзини ўзи банд қилишнинг яна бир афзаллиги, ижтимоий солиқни тўлаб, меҳнат стажига эга бўлиш имконияти яратилди. Шунингдек, даромад солиғидан ҳам озод қилиндим.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи яъни 111 минг 500 сўм миқдорида маблағ тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Шундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди яъни иш берувчи мақомига эга бўлмайди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM