Ҳали карантин тугамади. Лекин банклар кредит қарзларини тўлашни сўрашмоқда, шу тўғрими?

Ушбу саволга Марказий банк қуйидагича жавоб берди:

— Банклар коронавирус пандемияси оқибатида жисмоний шахсларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни пухта ўрганиб чиқиш асосида уларнинг тўлов муддатини томонлар келишувига кўра, жорий йил 1 октябрга қадар узайтириш амалиётини қўллашмоқда. Бунда қарздорнинг олаётган даромадлари кредитнинг:

а) асосий қарзни тўлашга етмаган тақдирда, кредит шартномасининг охирги муддатини мос даврга узайтириш;

б) асосий қарз ва фоиз тўловларини тўлашга етмаган тақдирда, кредитнинг асосий қарзни юқоридаги “а” кичик бандига асосан ва ҳисобланган фоизларни тўлов муддати узайтирилган даврга мос равишда узайтириш бўйича кредит шартномасига ўзгартириш киритилиши белгиланган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, коронавирус пандемияси оқибатида кредит тўловларини узайтириш учун қарз олувчилар банкка фақатгина асослантирилган мурожаат тақдим этишлари лозим бўлади.

Ўз навбатида, республика ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилганлиги сабабли жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида банклар кредит тўлов муддатини узайтириш бўйича мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимини ҳам (жумладан, веб-сайт, интернет-банкинг, мобиль илова, кол-марказ ва бошқалар орқали) жорий этишган бўлиб, бу ҳақида ўзларининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилиб боришмоқда.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM