Ҳар бир туман ва шаҳарда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади

Ихтисослаштирилган мактаблар директорлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ихтисослаштирилган мактаблар раҳбар кадрлари ва математика фани ўқитувчиларининг базавий тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланиши кўзда тутилмоқда.

2021 йил 1 январга қадар математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

Имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга абитуриент давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади ва унга математика фани учун белгиланган максимал балл берилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани бўйича ўқитувчилари тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлишлари мажбурий ҳисобланади.

Миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан  25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилади ва у икки йилда бир марта учта йўналиш бўйича берилади.

Ҳар бир йўналиш бўйича мукофот совриндорларига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Ғайрат БОБОХОЛОВ,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM