ЎЗ ЧОРВА ҲАЙВОНИНГИЗ ҚАНДАЙ СУҒУРТАЛАНАДИ

Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур ҳолатда «Ўзагросуғурта» АЖнинг ҳудудий филиаллари ва бошқа суғурта ташкилотлари томонидан суғурта қилинади.  Суғурталанадиган чорва ҳайвонлари - юридик ва жисмоний шахслар тасарруфида бўлган қорамол, қўй, эчки, от, туя, чўчқа, парранда, балиқ, мўйнали ҳайвонлар ва асалари.

Ҳужжатда, чорва ҳайвонлари турига боғлиқ ҳолда, суғурта қилинадиган суғурта таваккалчиликлари келтирилган: ёнғин, бўрон, довул, сув тошқини, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши натижасида музлаб қолиши, заҳарланиш, транспорт ҳодисалари, портлаш, кўчки, йиртқич ҳайвонлар ҳужуми, ўғирланиш, мажбуран сўйилиш ва бошқа ҳоллар.

Суғурта шартномаси юридик шахслар билан уларнинг мурожаатига кўра ихтиёрий тузилади. Жисмоний шахслар билан суғурта шартномаси уларнинг мурожаатига кўра суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта полиси бериш йўли билан тузилади. Бунда  жисмоний шахсларга бериладиган суғурта полиси - суғурта шартномаси ҳисобланади. Суғурта полиси жисмоний шахсларга cуғурта мукофоти тўланган кунда, юридик шахсларга суғурта мукофоти тўлангандан сўнг 3 кун муддатда берилади.

Суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек суғурта шартномасини ўзгартириш ва муддатидан олдин бекор қилиш тартиби белгиланди. Суғурталаш жараёни тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади.

Суғурталовчи қуйидаги ҳолатларда суғурта ҳодисасини тан олмайди ва ҳайвонларга етказилган зарар учун суғурта товони тўламайди:

  • ҳайвонлар суғурта шартномаси кучга кирган кундан сўнг 20 кун муддатда касалликлар оқибатида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки йўқ қилинса;
  • суғурта қилдирувчи имконияти бўлган ҳолда, суғурта ҳодисаси бўлганлиги тўғрисида ўрнатилган муддатларда хабар бермаса ва натижада суғурта ҳодисаси бўлганлигини ҳамда етказилган зарарни аниқлаб бўлмаса;
  • ҳайвонлар Низомда кўрсатилмаган суғурта таваккалчиликлари ёки касалликлар оқибатида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки йўқ қилинса;
  • ҳайвонлар хўжалик мақсадлари учун сўйилган бўлса;
  • суғурта қилдирувчи ветеринар мутахассиснинг давосиз касалга чалинган ёки бахтсиз ҳодисага дучор бўлган ҳайвонни сўйиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаганлиги туфайли ҳайвон нобуд бўлса;
  • суғурта қилдирувчи томонидан суғурта ҳодисаси вақтида ва ундан сўнг ҳайвонларни нобуд бўлишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмагани натижасида қўшимча нобуд бўлган ҳайвонлар учун;
  • суғурта қилдирувчи била туриб, ёлғон ва ҳақиқий бўлмаган маълумотларни тақдим этса.
     
2015-2024 © Хокимият Нурабадского района. Разработан в: SAKTRM