Адлия

Нуробод туман адлия бўлими бошлиғининг

МАНСАБ ЙЎРИҚНОМАСИ

I. Умумий қоидалар

1. Нуробод  туман адлия бўлими бошлиғи (бундан буён матнда бўлим бошлиғи деб юритилади) хизмат фаолияти давомида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларига (бундан буён матнда ҳудудий бошқарма бошлиғи деб юритилади) бўйсунади.

2. Бўлим бошлиғи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) ҳайъатининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруқлари ва кўрсатмалари, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) ҳайъатлари қарорлари, ҳудудий бошқарма бошлғининг буйруқлари ва кўрсатмалари ҳамда бўлим фаолиятига оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни пухта ўзлаштириб боради ва ўз фаолиятини уларга асосан ташкил этади.

II. Бўлим бошлиғининг вазифалари

3. Бўлими бошлиғининг асосий вазифалари этиб куйидагилар белгиланади:

бўлим фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Вазирлик ва ҳудудий адлия органи ҳужжатлари билан ушбу тузилмага юкланган вазифалар
ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

бўлим фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш
ва ижросини таъминлаш;

бўлим ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун бўлим ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазир ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарларининг буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

бўлим ходимларининг ваколатларини белгилаш, бўлим фаолиятининг алоҳида тармоқларига раҳбарлик қилиш учун уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

бўлим фаолиятини режалаштириш, Бўлимнинг ҳар чораклик иш режаларини ҳудудий адлия органлари билан келишилган ҳолда тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

бўлимда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларида ҳудудий адлия органларига таклифлар киритиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудий тузилма кадрлар захирасини шакллантириш;

бўлимнинг бўш лавозимларига таклиф этилган кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

бўлим ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалалар бўйича ҳудудий адлия органларига таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;

бўлим ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Бўлимда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

бўлим ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

бўлим фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек давлат хизматлари самарадорлиги, сифати
ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун ҳудудий адлия органлари раҳбариятига киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мунтазам равишда шахсий, шу жумладан сайёр қабуллар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

бўлим ходимлари лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш, уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида ҳудудий адлия органларига таклифлар киритиш;

давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, “республика – вилоят – туман – маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш
ва методик таъминлаш;

ҳар чоракда тегишлича туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборот тақдим этиш;

бўлим томонидан киритилган тақдимномаларни ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминланишини назорат қилиш, бу соҳада амалга оширилган ишларни ҳар чорак якунлари бўйича таҳлил қилиб, умумлаштириб бориш
ва раҳбариятга тегишли таклифлар киритиш;

бўлимга тегишли барча ҳужжатларни белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда сифатли ва муддатида кўриб чиқилишини таъминлаш;

Вазирлик раҳбарияти ва ҳудудий бошқарма бошлиғи кўрсатмасига асосан ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

III. Бўлим бошлиғининг ҳуқуқлари

4. Бўлим бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга

1) давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларида:

норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий ишлар, юридик хизматлар фаолияти, норматив ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳолатини;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ижросини, шу жумладан жойларга чиққан ҳолда текшириш;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат органлари
ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига бажарилиши мажбурий бўлган:

ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларини бажариш ҳолатини текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати фаолияти, маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномаларни киритиш;

қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик хизматларни фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқлаганда ҳамда адлия органларининг қонуний талаблари бажарилмаганда, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволарни киритиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти тўғрисида зарур статистик маълумотларни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотларни, қарорлар ва бошқа ҳужжатларни, маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан бепул тарзда сўраш ва олиш;

текшириш ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, шунингдек бўлим ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини чақириш ва жалб этиш;

текшириш ва таҳлил давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини чақириш, қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаатларни кўриб чиқиш;

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан текширишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларининг электрон базаларидан (банкларидан) фойдаланиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудларига ва биноларига кириш;

ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;

меҳнат ва ижро интизомини бузган ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида ҳудудий адлия органи раҳбарига таклифлар киритиш;

бўлим фаолиятига оид муҳим масалалар бўйича тезкор мажлислар ўтказиш.

Бўлим бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. Жавобгарлиги ва ўзаро ўрин босиши

5. Бўлим бошлиғи:

бўлимга юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

бўлим фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

ҳудудий адлия органига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари
ва таклифлар, шунингдек, бўлим томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг амалга оширилиши сифати, пировард натижалари
ва оқибатлари;

ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш асосида ўз ҳудудида тегишли соҳани ривожлантиришга доир таклифларни тайёрлаш;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш, муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, “йўл хариталари” ва бошқа дастурий ҳужжатларни тегишли ҳудудда самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.

6. Бўлим бошлиғи иш жойида бўлмаганда (меҳнат таътили, хизмат сафари даврида ва бошқа ҳолатларда) унинг вазифасини бўлимнинг бош маслаҳатчиси бажаради.

Агарда бош маслаҳатчи ҳам юқорида кўрсатилган сабабларга кўра
иш жойида бўлмаса, ушбу вазифани ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғига асосан бошқа ходим амалга оширади.

7. Ушбу мансаб йўриқномасига қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

 

2015-2024 © Хокимият Нурабадского района. Разработан в: SAKTRM