БОЛА ТУҒИЛГАНЛИГИНИ ҚАЙД ЭТИШГА УЛГУРМАГАНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига қатор тузатишлар киритилди. 

Бола туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмаганда 

Бола туғилганлиги у туғилган кундан эътиборан бир ой ичида маълум қилиниши керак. Бироқ ушбу муддат ўтказиб юборилганлиги кейинчалик туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Киритилган қўшимчаларда бундай вазиятларда қандай йўл тутилиши кўрсатилган.

Бола 16 ёшга тўлгунга қадар туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза берилиши лозим. Ариза ФҲДЁга топширилади, мазкур ҳолатда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинмайди – бундай мурожаат фақат белгиланган бир ойлик муддатда қилиниши мумкин.

Мазкур ҳолатда қуйидагилар ариза берувчи бўлиши мумкин:

  • ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;
  • ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;
  • ота-онанинг ўрнини босувчи шахс;
  • васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмаган 16 ёшдан ошган болалар суд қарорига биноан қайд этилишини эслатиб ўтамиз.

Ёзув қандай асосга кўра ўзгартирилади

Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.

Бунда ФҲДЁ органи қуйидагиларни киритишга ҳақлидир:

  • ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш – яқин қариндош ёки меросхўрнинг аризасига кўра;
  • вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар киритиш – суд қарорига асосан.  

 «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» қандай ишлайди

Тизим фуқаролик ҳолати далолатномалари, далолатнома ёзувларига алоқадор ўзгартиришлар, уларнинг қайта тикланиши ва бекор қилиниши ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳномалар ва улардан кўчирмалар берилганлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган давлат электрон ахборот тизими ҳисобланади. ФҲДЁ органлари ўзаро ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан тизим орқали ахборот алмашишлари мумкин. Бундай ахборотлар иш юритувига расмий ҳужжат сифатида қабул қилинади.    

Эслатиб ўтамиз, тизимни жорий этиш жараёни жадал олиб борилмоқда. 2019 йил июль ҳолатига кўра барча ёзувларнинг 36,8%и рақамлаштирилган. Ягона электрон архив фонди 2022 йил бошига тўлиқ шакллантирилиши лозим.

2015-2024 © Nurobod tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM